Maqola

2 000 15/02/2022

Россиядаги айрим мигрантлар бир ярим йил ичида ипотека кредитисиз квартира харид қилишмоқда.

Қандай қилиб дейсизми? Унда ушбу мақолани ўқишни тавсия қилиб қоламиз. Ura.ru нашри бу ҳақда катта мақола эълон қилди.

Таъкидланишича, Тожикистондан келган мигрантлар банкка омонат қўймасдан ва ипотека кредити олмасдан Россияда квартира сотиб олиш мумкинлиги ҳақида сўзлаб берган.

Россиядаги мигрантларга уй-жой сотиб олишда этник диаспоралар ёрдам бермоқда, деб ёзади нашр. “Юзлаб ватандошлар ва ўнлаб қариндошлар томонидан йиғилган пул эвазига ипотека кредитисиз квартира сотиб олинади”, – дейди суҳбатдош мигрантлардан бири.

Тожикистонликлар жуда қисқа вақт, яъни бир ярим йилда Москва ёки Москва областида кўчмас мулк сотиб олишга ёхуд нолдан ўз бизнесини очишга эришмоқдалар. Бунга жамоа бўлиб бир-бирига кўрсатилган амалий ёрдам туфайли эришилмоқда. Россия фуқаролигини олиш учун мурожаат қилиш пайтида муҳожирларга бериладиган давлат субсидиялари ҳар доим ҳам етарли бўлмагани учун мигрантлар ўз ресурсларидан фойдаланиб келмоқдалар.

Тожик диаспораси раҳбари, Свердловск области миллий маданий бирлашмалари уюшмаси раиси Фаррух Мирзоев Ura.ru нашрига берган интервюсида Россиядаги турли диаспораларнинг ўзаро манфаатли жамғармалари борлиги ҳақида айтган.

Унинг сўзларига кўра, Россиядаги Кавказ ва Шарқ диаспораларининг аксариятида ватандошларни қўллаб-қувватлаш одати бор. «Агар сиз украинлар, беларуслар ёки бошқа миллий-маданий гуруҳларга эътибор қаратсангиз, уларда бундай анъаналар йўқлигини кўрасиз», – деб қўшимча қилган Мирзоев.

Умумий ғазнага йиғилган маблағлар кейинчалик жамоа аъзолари ўртасида тақсимланади. Тўпланган маблағлар тўй ўтказишга, кўчмас мулк сотиб олишга, дафн маросимлари ва бошқа йирик харажатларга сарфланади”, – дейди Петербургда ишлайдиган Саид исмли такси ҳайдовчиси. Маълум бўлишича, умумий ғазнада маблағларни тўплашга масъул этиб, одатда кўпчилик орасида яхши обрў-эътиборга эга бўлган кишилар тайинланади. Саиднинг айтишича, унинг акаси Россияга келганидан бир ярим йил ўтиб Петербургдан квартира сотиб олишга муваффақ бўлган. Пул эса, умумий оилавий бюджетдан ажратилган.

Менинг Санкт-Петербургга бошқа шаҳарлардан келган россиялик танишларим бор. Уларнинг уй-жой масаласини ҳал қилиши анча мушкул эканини биламан. Шунинг учун ипотека олишдан бошқа чораси бўлмайди. Бу эса, йиллар давомида қийналиб қарз тўлаб юришни англатади. Бизнинг усул эса анча енгиллик беради осонроқ”, – дея ҳикоя қилган Саид.

Россия Фанлар академияси Шарқшунослик институти илмий ходими Станислав Притчин, мигрантлар орасидаги ўзаро ёрдам жамғармаларининг мавжуд бўлишини мантиқан тўғри эканини таъкидлайди. Бу, Россияга келаётган хорижлик фуқаролар учун оғир меҳнат шароитларига билдирган муносабатдир, деб ҳисоблайди олим.

Ura.ru нашри, шунингдек, қирғизистонлик собиқ мигрант ҳаёти ҳақида ҳам қисқача ҳикоя қилган. Бу оила тожикистонликлардан фарқли ўлароқ, нисбатан ғарб маданиятига мойил бўлиб, ҳозирда Россия фуқаролигини олган. Шунга қарамай, улар ҳам асл ватанида қолган қариндошларига ёрдам кўрсатиб туради.

Мулоҳаза

Таъкидлаш ўринлики, келажакда бундай квартиралар мигрантларнинг қариндошлари, таниш-билишлари келиб, рўйхатдан ўтадиган, янги ҳаётга мослашиб кетишлари учун вақтинчалик “қўноқ” вазифасини ҳам ўташи бор гап. Нима бўлганда ҳам мигрантлар ўзлари юзма-юз келадиган мураккаб шарт-шароитдан чиқиб кетиш йўлини топгани таҳсинга сазовор.

Хусусан, Россияда мусофир ҳолатда ҳам ўзаро ёрдам бера олиш имкониятини сақлаб қолишда тожикистонлик қўшниларимизларда кўпроқ тажриба борлигини тан олиш керак.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya