Мақола

931 21/09/2023

Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган Тожикистон фуқаролари орасида ўз ватанларига кўчирилишини сўраганлар сони ортиб бормоқда. Сўнгги ойларда бундай сўровлар сони кескин ошган: маҳбуслар уларни Украинадаги урушга жўнатишларидан қўрқишади.

Турли маълумотларга кўра, жангларда Россия қамоқхоналарининг собиқ асирлари бўлган 20 га яқин тожикистонлик ҳалок бўлган.

“Мамлакатимиз раҳбариятидан бизни ватанимизга кўчиришни сўраймиз”, дейди исмини ошкор қилишни истамаган Қозондаги маҳкумлардан бири.

У бошқа маҳбуслар қатори Украинага урушга жўнатишларидан қўрқади: “Барча Россия фуқаролари рўйхатга киритилиб, олиб кетилмоқда. Улар пул ва бошқа имтиёзлар ваъда қилиб, ватандошларимизни кўндиришга ҳаракат қилмоқда”.

Маҳбуснинг сўзларига кўра, узоқ давом этган ташвиқотдан сўнг ўттизга яқин тожикистонлик урушга кетишга рози бўлган: “Уларга фуқаролик ваъда қилинганми ёки бошқа нарса, билмайман, улар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилмоқда, қандай шароит ваъда қилишаётгани маълум эмас».

Аввалроқ ОАВда Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган ўнлаб тожикистонликлар Украинадаги урушда қатнашгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўтган йили улар асосан “Вагнер” ХҲК  томонидан ёлланган. Энди маҳбусларнинг сўзларига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги ёллаш билан шуғулланмоқда.

“Қариндошларимиз Бош прокуратурага хат ёзиб, жазони ўташни давом эттиришимиз учун бизни Тожикистон қамоқхоналарига ўтказишимизни сўрашди. Элчихонага ёзишди. Улар йигитларни ёллашаётганини тушунтиришди. Лекин ҳозирча жавоб бўлмади”, – дейди маҳбус.

Россиядаги тожик дипломатларидан бири Қозон колониясидаги ватандошлари билан алоқада эканини айтди, бироқ улардан ҳеч қандай расмий мурожаат олмаганини айтмоқда.

Аввалроқ Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси Россия қамоқхоналаридаги ватандош маҳбуслардан шикоятлар келиб тушганини маълум қилганди. Маҳкумлар, ўз навбатида, тожик расмийлари уларни ўз ватанларига экстрадиция қилишни хоҳламаётганини даъво қилмоқда. Адвокатларнинг айтишича, маҳбусни экстрадиция қилиш учун жиддий сабаблар бўлиши керак.

“Уларнинг қариндошлари ёзма равишда Тожикистон Бош прокуратурасига ёки жазони ўтаётган мамлакат Бош прокуратурасига мурожаат қилишлари керак. Агар уларнинг аризасида Тожикистон Бош прокуратураси экстрадиция қилиш учун жиддий сабаблар топса, у ҳолда жазо ўталаётган мамлакат Бош прокуратураси ёрдами билан маҳбусни Тожикистон қамоқхонасига ўтказади», – дея аниқлик киритади адвокат Бахтиёр Насруллоев.

Айрим ҳуқуқшуносларга кўра, расмий Душанбе маҳбусларни Тожикистон қамоқхоналарига ўтказишдан манфаатдор эмас.

“Урушдан олдин ҳам маҳбусни кўчириш масаласини ҳал қилиш қийин эди, – дейди адвокат Шуҳрат Қудратов, – ўшанда маҳкумларнинг ўзи ҳам буни хоҳламаган, чунки Тожикистондаги қамоқхоналардаги шароит Россияникидан анча ёмонроқ. Ва бу ҳолат, афтидан, кўплаб асирларнинг урушга юборилишига сабаб бўлади”.

Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган Тожикистон фуқаролари ҳақида расмий статистик маълумотлар йўқ. Икки йил олдин уларнинг сони тахминан 10 минг кишига етгани ҳақида хабар берилган эди. Россия колонияларидаги қанча тожик асирлари Россия қуролли кучлари сафида Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашаётгани ҳақида маълумот йўқ. Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода Россия 100 га яқин тожик маҳбусларини Украинага жанг қилиш учун юборганини маълум қилган, бироқ жанг қилаётган ватандошларнинг умумий сонини айтмаган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация