Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари Россиядан қайтаётган фуқаролар смартфонларининг “Телеграм” папкасида Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш тақиқланган порнографик мазмундаги фото ва видео файллар мавжудлигини аниқлади.
Жумладан, “Келес” темир йўл чегара божхона постида “Новосибирск-Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиси фуқаро Ж.Жумаевда (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда тақдим қилинмаган Samsung русумли уяли телефон борлиги аниқланди. Телефоннинг “Telegram” номли папкасида 12дона беҳаё мазмундаги видео ва 65 дона беҳаё мазмундаги фото файллар ҳамда ваҳшийликни тарғиб қилувчи видео ролик борлиги маълум бўлди.
“Шунга ўхшаш ҳолатда “Москва-Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган фуқаролар М.Узоқов ва Б.Закировлар божхона назоратидан четлаб олиб ўтмоқчи бўлган “Samsung” русумли уяли телефонларининг“ Telegram” папкасида 84 дона беҳаё мазмундаги видео файллар ва 255 дона фото суратлар борлиги маълум бўлди.Телефон эгалари қўл телефонларига фото ва видеофайллар қандай қилиб тушиб қолганидан гўёки бехабар экан”, – дейилади хабарда.
Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 189- моддаси билан маъмурий иш юритилиб, кўриб чиқиш учун тегишли суд идораларига юборилди.
Ўзбекистон Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги фармонига мувофиқ Ўзбекистонга уруш, терроризм, зўравонлик, миллий ажратиш ва диний қаршилик, расизм ва унинг турларини (антисемитизм, фашизм) тарғиб этувчи ҳамда порнографик мазмундаги материалларни олиб кириш тақиқланган.
Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, порнографик, шунингдек зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шундай ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, у ҳолда айбдор шахслар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига мувофиқ, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ билан жазоланади.
Таъкидлаш жоизки, смартфоннинг “Телеграм” папкасидаги фото ва видео файллар фойдаланувчининг “Галерея”сида кўринмайди. Унда “Телеграм” орқали келган ва фойдаланувчи очиб кўрган барча фото ва видеофайллар автомат равишда сақлаб қолинади. Шу боис Ўзбекистонга киришда тақиқланган мазмундаги барча файллар билан бир қаторда “Мой файли” ёки “Проводник” папкалари орқали файллар сақланадиган телефон ёки флешка хотирасига кириб, у ердан “Telegram” папкасини бутунлай ўчириб ташлашни тавсия қиламиз.
Агарда смартфон билан ишлашни яхши тушунмасангиз, буни танишлардан, ҳеч бўлмаса телефон усталаридан илтимос қилиш мумкин.