Дунёда ўзбек бормаган давлат қолмади. Бу гап қанчалик асосли билмаймиз, аммо кўпчилигимиз шундай фикрдамиз. Шу билан бирга, хориждаги мигрантлар асосан икки мақсадда кетганлардан иборат: ишлаш учун ва таълим олиш учун. Ишга кетганларнинг катта қисми Россия ҳиссасига тўғри келгани боис, бугунги кўрсатувимизда Россиядан қанча валюта олиб чиқиш ва унга қанча валюта олиб кириш мумкинлиги ҳақида бўлади.
Кўрсатувимиз аввалида алоҳида таъкидлашни истардики, 2022 йил 2 мартидан эътиборан Россияда валюта олиб чиқиш ва мамлакатга валюта олиб кириш борасида янги қоидалар вақтинчалик амалда. Вақтинчалик дейишимизга сабаб шуки, 2022 йил 1 март куни Россия президенти Владимир Путин имзолаган фармонга мувофиқ, бир киши 10 минг АҚШ долларини нақд кўринишда мамлакатдан олиб чиқиши тақиқланди. Илгари бу миқдордаги валютани Россияданг божхона декларацияси тўлдирмасдан ҳам олиб чиқиш мумкин эди. Эндиликда, бу миқдордаги валютани умуман олиб чиқиш мумкин эмас.
Тақиқ вақтинчалик характерга эга бўлгани боис, кўрсатувимизда жорий қонунчилик талаблари ҳақида сўз юритамиз.
Демак, дастлаб, олиб кириш миқдори ҳақида
2022 йили РФ ҳудудига божхона декларациясиз 10 000 АҚШ доллари эквивалентидаги дунёнинг ҳар қандай валютасини олиб кириш мумкин. Агарда сизда 10 минг доллардан кўп валюта бўлса, ТД-6 шаклидаги божхона баённомасини тўлдириш талаб этилади.
Таъкидлаш керак, бунда нақд валюталар турининг фарқи йўқ. Мисол учун, сизда 10 000 рубл, 5 000 евро ва 7 000 доллар бўлса, сиз олиб кираётган валютангиз миқдорини декларация қилишингиз шарт. Бунга сабаб шуки, долларга қайта ҳисобланганда, 13 000 долларга яқин бўлади. Бунда валюталар ўртасидаги фарқ Россия Марказий банки курси бўйича ҳисобланади. Яъни, долларга ҳисобланганда валюта миқдори рухсат берилган меъёрдан 3000 доллар кўпдир.
100 минг доллардан кўп миқдордаги пул маблағларини декларация қилишда ушбу пулларнинг келиб чиқиши қонунийлигини исботловчи ҳужжатларни тақдим этиш керак бўлади.
Келинг, энди Россиядан валюта олиб чиқиш миқдорига тўхталсак
Мақолада 2022 йил 1 мартгача амалда бўлган меъёрларга тўхталамиз. Чунки, Украинадаги вазият барқарорлашгудек бўлса, бу меъёрлар яна ишлай бошлаши мумкин.
Россиядан валюта олиб чиқиш тартиби ҳақида ушбу ҳавола орқали тўлиқ маълумот оласиз. Россиядан валюта олиб чиқиш қоидаси ЕОИИ Божхона кодексида қайд этилган. Унга кўра, жисмоний шахс Россия ҳудудидан 10 000 АҚШ доллари миқдоридаги ҳар қандай валютани олиб чиқиб кета олади (2022 йил 2 мартига қадар амалда бўлган қоидага кўра).
Рухсат берилган миқдордан кўп валютани олиб чиқиш ҳам мумкин. Бунинг учун сиз олдинроқ шунча миқдордаги валютани олиб кирган бўлишингиз керак. Ёки хорижий валюта бошқа давлат резиденти ёхуд РФ фуқароси томонидан ушбу давлатда харид қилинган бўлиши керак.
Ёдда тутиш керакки, бу амалиёт Россияга кириб келишда белгиланганидан кўп валюта олиб киришда тўлдириладиган ТД-6 шаклидаги божхона декларацияси ҳамда олиб кирилаётган пул маблағлари миқдори ва уларнинг РФ ҳудудидан олиб чиқилишининг аниқ муддати кўрсатилган ТС-28 шаклидаги гувоҳнома билан тасдиқланиши керак.
Бундан бошқа ҳолатда Россиядан 10 минг АҚШ долларидан ортиқ маблағни олиб чиқиш қонунчилик билан тақиқланган.
Агар жисмоний шахс декларациялаш ва олиб киришга рухсат берилган маблағ миқдорига доир барча талабларга риоя қилган бўлса-ю, олиб чиқиш миқдорини “салгина” нотўғри ҳисоблаган бўлса, маблағининг бир қисмини Россия божхонасида “вақтинча” сақлаш учун қолдиради. Бу амалдаги қонунчилик талабини бузмаслик учун қилинади. Ортиқча маблағларни божхонада сақлаш учун ТС-21 шаклидаги квитанция тўлдирилади.
Белгиланган тартибга кўра, бу пуллар 2 ойгача муддатда бепул сақланиши мумкин. Мабодо пул эгаси қолдириб кетилган маблағини ўз вақтида олиб кета олмаса, бу ҳақда божхона идорасини хабардор қилиб қўйиши лозим, шу билан сақлаш муддати яна бир ойга узайтирилади.
Мисол учун сиз 16 минг доллар валюта олиб чиқмоқчисиз. Юқоридаги тартибга кўра, 6 минг долларни божхона вақтинча сақлаш камерасида 2 ойга қолдирасиз.
Пул маблағларини қайтариш жисмоний шахсга берилган ТС-21 шаклидаги квитанция асосида амалга оширилади.
100 минг доллардан кўп маблағни олиб чиқишда божхона декларациясини кўрсатиш кифоя қилмайди. Балки, бу маблағларнинг келиб чиқиш манбаини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам тақдим этилиши керак.
Бу ҳақда Россия Божхона хизматининг расмий сайтида маълумот берилган.
Пулларни болалар олиб чиқа оладими? Олиб кириш-чи?
Божхона қоидаларига кўра, пул маблағларини олиб кириш 16 ёшдан бошлаб рухсат этилади. Демак, вояга етмаган 16 ёшли ўсмирлар 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни Россияга олиб кириши ёки ундан олиб чиқиши мумкин. Шунингдек, вояга етмаган бўлса-да, улар ўзлари билан бўлган маблағни мустақил равишда декларациялай олади.
Қоидабузарлик учун жарима ва жавобгарлик
Хўш, Россияга валюта олиб кириш ва ундан олиб чиқиш қоидаларини бузганларга қандай жавобгарлик назарда тутилган?
Олиб ўтилаётган валютани декларация қилмасангиз (10 минг доллардан кўп валютани) ёки олиб ўтилаётган валюта миқдорига доир ёлғон маълумот берсангиз, 1000 рублдан 2500 рублгача маъмурий жаримага тортиласиз. Қолган барча ҳолатлар 500 рублдан 1000 рублгача маъмурий жарима солинишига сабаб бўлади.
Контрабанда учун жиноий жавобгарлик
Амалдаги қонунчилик талабига кўра, 250 минг рубл ва ундан кўп миқдордаги валютани ноқонуний олиб кириш ёки олиб чиқиш валюта контрабандаси деб ҳисобланади.
Жиноий жавобгарлик муддати бевосита контрабанда суммасига боғлиқ:
20 000 доллар ва ундан юқори миқдордаги контрабандани содир этган қонунбузарнинг озодлиги 2 йилгача чекланиши ёки 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши мумкин. Шунингдек, у ўз ойлик иш ҳақининг 24 баравари миқдорида жаримага тортилиши ҳам эҳтимол.
50 000 доллар ва ундан юқори миқдордаги валютани контрабанда йўли билан олиб чиқишга уринган жиноятчига 4 йилгача камоқ жазоси тайинланиши ёхуд у 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилиши ёки маошининг 36 баравари миқдорида жаримага тортилиши мумкин.
Келинг, энди амалий мисол билан қоидани ўрганиб чиқсак. Айтайлик, сиз Россияда ишлаб топган 25 минг доллар пулингизни олиб чиқмоқчисиз, бу мумкинми, мумкин бўлса, тартиби қандай?
Евроосиё Иқтисодий иттиқофининг Божхона кодексига кўра, нақд пул маблағлари ёки йўл чекларининг йиғиндиси ЕОИИ ҳудудига ёки ЕОИИ ҳудудидан бошқа давлатга бир вақтнинг ўзида олиб чиқилаётган кундаги курс бўйича 10 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлса, божхона декларациясини тўлдириш талаб этилади. Бунда умумий қийматни ҳисоблашда хорижий валюта ҳам, Россия рубли ҳам қўшиб инобатга олинади.
Мисолдаги ҳолатда 100 минг доллардан кам миқдордаги маблағ олиб чиқилаётгани учун унинг келиб чиқиш манбаини кўрсатиш талаб этилмайди. Шунчаки, маблағ суммасини аниқ кўрсатган ҳолда йўловчи божхона декларациясини тўлдириб, аэропортда қизил йўлакдан ўтаётганда божхона ходимига тақдим этиш кифоя. Йўловчи божхона декларацияси қўлда, аниқ ва тушунарли қилиб ёзилган бўлиши керак.
10 минг доллардан кўп маблағ бўлгани учун божхона декларациясига илова ҳам тўлдирилади.
Варақли декларация 2 нусхада тўлдирилади. Унинг бир нусхаси божхона идораси учун, иккинчиси декларантга тақдим этилади.
Яна бир бор эслатиб ўтамиз, ушбу қонунчилик меъёрлари, президент Путин фармони билан вақтинча амал қилмайди. Украинадаги вазият ўзгарса, Путин ўз фармонини бекор қилиши, шундан сўнг, мазкур Божхона кодекси талаблари яна амал қила бошлаши мумкин.
Кўрсатувимиз сизга маъқул келган бўлса, унга ёқди тугмачасини босишни ҳамда яна қандай мавзуларда дастурлар тайёрлашимиз борасида изоҳларда фикрларингизни қолдиришни сўраб қоламиз. Саломат бўлинг.
Толиб Раҳматов тайёрлади
Монтаж устаси Жавоҳир Эсонбоев