Мақола

4 202 14/08/2023

Кўп йиллик тортишувлардан сўнг Тожикистон парламенти ниҳоят Россия билан реадмиссия тўғрисидаги битимни ратификация қилди: бу нимани англатади?

Тожикистон парламенти Россия билан реадмиссия бўйича муҳим келишувни – томонлар ўртасида узоқ йиллардан бери баҳсли давом этган, Россия қонунлари бузилган тақдирда Тожикистон муҳожирларни қайтариб олиш мажбуриятини тасдиқлади, деб ёзади “Озоди” радиоси.

26 июн куни ҳукумат реадмиссия тўғрисидаги битим ва уни амалга ошириш тартибини ратификация қилиш учун парламентга тақдим этган ва халқ вакиллари уни 30 июн куни ёзги таътилга чиқиш олдидан маъқуллаган кўринади.

Ҳукумат қарорида депутатларга Россия 2021 йилда, Тожикистон томонидан 2022 йил февралида имзоланган шартномани маъқуллаш тавсия этилган.

Ҳужжат, биринчи навбатда, Россияда яшаб, ишлаётган юз минглаб тожикистонлик муҳожирлар тақдирига дахлдор.

Реадмиссия – давлатнинг бошқа давлатдан, хусусан, Россиядан депортация қилиниши керак бўлган ўз фуқароларини (ва баъзи ҳолларда бу давлатда илгари бўлган ёки яшаган чет элликларни) ўз ҳудудига қайтаришга розилигидир.

Душанбе ва Москва икки томонлама шартнома лойиҳасини бир неча йилдан буён муҳокама қилган, расмий Душанбе уни имзолаш ва ратификация қилишни кечиктириб келган эди.

Тожикистон расмийлари бу келишув шартлари на молиявий, на ҳуқуқий жиҳатдан Тожикистон манфаатларига жавоб бермаслигини таъкидлаган. Агар келишув имзоланса, Тожикистон Республикаси ҳукумати Россиядан депортация қилинган минглаб тожик муҳожирларининг ушбу давлатда қолиш қоидаларини бузгани учун депортация қилиш харажатларини ўз зиммасига олади.

Тожикистон Бандлик ва миграция давлат агентлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари Анвар Бобоев 2011 йилда шундай деган эди:

“Ушбу келишув шартларини амалга ошириш катта молиявий харажатларни талаб қилгани учун Тожикистон уни амалга оширишга тайёр эмас”.

2016 йилда Россия томонидан Тожикистон ҳукуматига таклиф қилинган Тожикистон билан реадмиссия тўғрисидаги битимнинг дастлабки лойиҳасида муҳожирларни мамлакатдан чиқариб юбориш билан боғлиқ харажатларни мигрантларнинг ўзлари ёки учинчи шахслар тўлаши кераклиги назарда тутилган эди.

Ҳозирда суд тожик муҳожирини депортация қилиш тўғрисида қарор чиқарса, у самолёт ёки поезд чиптасини ўзи тўлаши керак, агар бундай имконият бўлмаса, унинг дўстлари хайрия қилади ёки фойдаланувчилар уни уйига юбориш учун хайрия йиғиш эълон қилишади.

Депортация қилиниши керак бўлган муҳожирнинг бирорта ҳам рубли бўлмаганидан Тожикистонга авиачипта сотиб олиш харажатларини кимдир кўтаришини махсус қамоқхонада ойлаб кутаётган ҳолатлар ҳам бор.

Ноқонуний муҳожирларни депортация қилиш харажатларини ким кўтариши ҳозирча номаълум.

Тожикистон ва Россия ўртасидаги олдинги баҳсларда экспертлар Москва Тожикистондан ноқонуний йўллар билан келган муҳожирларни депортация қилиш харажатларини Тожикистон ҳукумати ўз зиммасига олишини таъкидлагани ҳақида маълумот беришган.

Россиядан Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан юзлаб одамларнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарлар тобора кўпайиб бораётган бир пайтда тожик депутатлари томонидан “реадмиссия” келишуви ратификация қилинмоқда.

Россия ҳукумати яқинда келишув Тожикистон парламентига тақдим этилишидан бир кун олдин якунланган “Нелегал 2023” операцияси давомида, яъни 25 июн куни Россия ҳудудидан 7 минг муҳожир, жумладан, Тожикистон фуқаролари чиқариб юборилганини эълон қилди. Яна бир неча минг муҳожир жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилади.

Россия Тожикистондан меҳнат миграцияси учун асосий давлат бўлиб, норасмий статистик маълумотларга кўра, у ерда 1 миллиондан ортиқ тожик муҳожири истиқомат қилади ва ишлайди.

Россия Федерацияси ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида реадмиссия тўғрисидаги битим 2013 йил 15 апрелда имзоланган ва 2014 йил 8 августда кучга кирган.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация