Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосари Азизбек Юнусовнинг сўзларига кўра, 2022 йилнинг биринчи чорагида 133 минг аҳоли Россиядан қайтган.
5 апрел куни АОКАда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда таъкидланишича, миграция агентлиги томонидан 2022 йилнинг биринчи чорагида 3 минг 522 нафар фуқаро хорижий давлатларда ишга жойлаштирилган. Шундан 2 минг 183 нафари Россияга, 44 нафари Қозоғистонга, 1 минг 293 нафари Жанубий Кореяга ва бошқа давлатларга ишлаш учун юборилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 2021 йилда 108 минг 592 нафар фуқаро хорижий давлатларда ишга жойлаштирилган. Шундан 100 минг 111 нафари Россияга, 6 минг 924 нафари Қозоғистонга, 1 минг 532 нафари Жанубий Кореяга, шунингдек, БАА, Туркия, Польша ва бошқа давлатларга ишлаш учун юборилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 2 минг 167 нафар меҳнат мигрантига ҳуқуқий ёрдам, 51 минг 498 нафар меҳнат мигрантига маслаҳат хизматлари, 2 минг 930 нафар меҳнат мигрантига ижтимоий ёрдам, 976 нафар меҳнат мигрантига моддий ёрдам кўрсатилган.
Жорий йилнинг феврал-март ойлари Россиядаги ватандошларимиз учун оғир ўтди. Рубл қадрсизлангани ва ишини йўқотганлиги сабаб баъзи ютдошларимиз уйларига қайтди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Азим Ахматов сўзларига кўра, сўнгги икки ойда мигрантлардан келган мурожаатлар мазмунида ўзгариш кузатилган, лекин сон жиҳатдан ўзгариш йўқ. Маълумотларга кўра ўтган икки ойда агентлик 2200 фуқарога ҳуқуқий ёрдам кўрсатган ва уларнинг 1300 нафари вақтида иш ҳақи ололмаётганликлари юзасидан мурожаат қилган.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосари Азизбек Юнусовнинг маълумот беришича, 2022 йилнинг биринчи чорагида 193 минг нафар меҳнат муҳожирлари ўз уйларига қайтган. Улардан 133 минг нафари Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини юритган муҳожирлардир. Март ойининг ўзида 50 минг нафар Ўзбекистон фуқароси миграциядан қайтиб келган. Солиштириш учун айтиш мумкинки, 2021-йил мобайнида Россиядан 280 минг нафар меҳнат мигранти қайтиб келган эди. Азиз Юнусовнинг таъкидлашича, ҳозирда миграциядан қайтган 128 минг нафар фуқаролар ҳолати ўрганиб чиқилган.