Мақола

4 189 27/02/2016

pasport

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида визасиз кириш-чиқиш тартиби амал қилади.

2014 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясига Ўзбекистон ҳудудидан чиқиши фақат биометрик паспортлар бўйича амалга оширилади.

Амалдаги қонунчиликда (Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” ПФ-4262-сонли  05.01.2011 йилдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги Низом”), Ўзбекистон Республикаси паспорти Ўзбекистон ҳудудида ва ундан ташқарида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини ва эгасининг шахсини тасдиқловчи асосий хужжат деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг биометрик бўлмаган паспорти ушбу хужжат билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан 2014 йил 1 июлгача чиқиб кетганлар учун ҳаққоний шахсини тасдиқловчи хорижга чиқиш хужжати ҳисобланади ва ўз кучини 2015 йил 31 декабрдан йўқотган. Айни пайтда нобиометрик паспорт эгалари ундан фақат Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун шахсини тасдиқловчи хужжат сифатида фойдаланишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Россия Федерациясига бориш учун “чет элга бориш учун 2 йил мобайнида амал қиладиган рухсатнома ёзуви стикери” талаб этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Россия Федерациясидан “визалик” мамлакатлар ҳудудига бориш учун “чет элга бориш учун 2 йил мобайнида амал қиладиган рухсатнома ёзуви стикери” талаб этилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун “визалик” хорижий мамлакатлар ҳудудида бўлганларида стикернинг 2 йиллик муддатининг тугаши Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигининг бузилиши ҳисобланмайди ва мазкур “визалик мамлакатлар” ўртасида бориб-келишларига, шунингдек, Ўзбекистонга қайтишларига тўсиқ бўлмайди.

Стикер муддати тугаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари “визалик” хорижий мамлкатларга боришлари мумкин бўлсада, аммо “визасиз” мамлакатлар ҳудудидан қолган “визалик” хорижий мамлакатлар худудига муддати тугаган стикер билан ўтишлари тақиқланади.

РОССИЯ ФЕДЕРАЦИЯСИГА БОРМОҚЧИ БЎЛГАН ФУҚАРОЛАР УЧУН ЭСЛАТМА

  1. Миграция варақасини олиш

Россия Федерациясига бормоқчи бўлган фуқаролар мамлакат ҳудудига “кириш” масканларида хорижий фуқароларга вақтинчалик бўлиш ҳуқуқини берувчи миграция варақасини олиб, уни тўлдиришлари шарт. Миграция варақалари чегара қўшинлари ходимлари томонидан бепул берилади.

  1. Яшаш жойида қайддан ўтишнинг мажбурийлиги

Ёдингизда тутинг, Россия Федерациясида вақтинча яшовчи хорижий фуқаролар, вақтинча яшаш жойига етиб келганларидан сўнг 7 иш куни ичида Россия Федерал миграция хизмати (ФМХ)нинг ҳудудий идораларида вақтинча яшаш жойига келганликлари ҳақида хабар беришлари шарт.

Россия Федерациясида 7 кундан ортиқ бўлмаган муддатга келган хорижий фуқаролар вақтинча яшаш жойлари бўйича қайддан ўтказмайдилар.

Қайддан ўтиш ва қайддан чиқариш бўйича барча ҳаракатлар қабул қилувчи тараф зиммасига юкланади.

Бўлиш жойида қайддан ўтиш учун фуқаро қабул қилувчи томонга шахсини тасдиқловчи хужжатни ва миграция варақасини тақдим этиши лозим. Қабул қилувчи томон сифатида истаган жисмоний шахс ёки юридик шахс (Россия фуқароси ёки ташкилот) бўлиши мумкин.

Қабул қилувчи тараф, келганлиги тўғрисидаги варақани тўлдиради ва келган кунидан бошлаб етти иш куни ичида тўлдирилган варақани ҳудудий ФМХ идорасига ёки турар жойдаги почта алоқаси бўлимига тақдим этади.

Агар қабул қилувчи тараф узрли сабабларга кўра, қайддан ўтиш ҳақидаги хабарномани тақдим этмаса, ушбу хабарнома бевосита фуқаронинг ўзидан қабул қилиниши мумкин.

Етиб келганлиги тўғрисидаги хабарномани қабул қилган Россия ФМХ нинг ҳудудий идораси ёки почта алоқаси бўлими уни тўғри тўлдирганини текширади ва дарҳол варақанинг қирқиб бериладиган қисмига қабул қилиб олинганлиги тўғрисида тегишли белги қўйиб қайтариб беради. Мазкур белги фуқаронинг яшаш жойи бўйича қайддан ўтиши юзасидан ўз мажбуриятларини бажарганлигини тасдиқлайди.

Фуқаро Россиядан жўнаб кетаётганда қабул қилувчи тараф томонидан хабарноманинг қирқиб бериладиган қисмини Россия ФМХнинг ҳудудий идорасига топшириши ёки почта орқали жўнатиши лозим.

Шундан сўнг Ўзбекистон фуқароси Россияда бўлиш мақсадига кўра, керакли хужжатлар асосида яшаш ёки ишлаш фаолиятини давом эттириши мумкин. Вақтинчалик яшашга рухсатнома олиш ва яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш тартиблари тўғрисида сайтимизда батафсил маълумотлар бериб борилади.

Xoрижий давлатларда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари паспортларини алмаштириш ёки йўқотиб қўйган паспорт ўрнига янгисини олиш учун Ўзбекистон Республикасининг ушбу давлатдаги консуллик муассасаига мурожаат этадилар. Хорижда вақтинча яшаш ва ишлаш учун борганларга эса паспортларини йўқотиб қўйганларида ёки паспортнинг амал қилиш муддати тугаганда консуллик муассасалари томонидан ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикасига қайтиш гувоҳномаси расмийлаштириб берилади.

Сизга нисбатан қонунбузарлик содир этилса, Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги Элчихонаси (109017, Moсква, Погорелский тор кўчаси -12. Tel:230-00-54, 230-00-32, 230-13-01) ва Новосибирскдаги Ўзбекистон Республикасининг Бош Консулхонаси (630005, Новосибирск, Централный район, Ломоносов-55B. Tel: 246-04-85, 246-04-84) га хабар бериш ҳуқуқига эгасиз.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация