“Миллатчиликсиз мамлакат” ижтимоий лавҳаси интернетда миллионлаб томошага ва катта шов-шувларга сабаб бўлди. Мазкур қисқагина лавҳа Россиядаги муҳожирларнинг асосий муаммоларини ва жамиятнинг миграцияга бўлган салбий муносабатини қандай қилиб ўзгартириш мумкинлигини ўзида жам қила олди.
Россияга келган инсон мослашиш жараёнида бироз ноқулайлик ҳис қилиши табиий. Ташриф буюрувчиларга маслаҳат тарзида “Миллатчиликсиз мамлакат” ижтимоий лавҳасининг бош ташаббускори,“Ягона Миграция Хизмати” юристи Бахром Исмаиловнинг “Россия для всех” сайти учун берган интервьюсини қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилишни лозим деб топдик.
– “Миллатчиликсиз мамлакат” лойиҳаси бу қадар кенг миқёсда эътибор жалб қилишини кутганмидингиз?Аслида лавҳангизнинг мақсади нима эди?
– Лавҳани яратишдан кўзлаган асосий вазифамиз мавжуд муаммоларга жамият эътиборини қаратишдан иборат эди. Гап шундаки, меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ муаммолар бор, аммо булар муҳокама қилинмай ҳам қўйилди. Улар замонавий жамият учун меъёр бўлиб қолди.Биз бу муаммоларни жамоат муҳокамасига олиб чиқишга қарор қилдик: чет эллик ишчилар биринчи навбатда инсон. Бошқа салбий ибораларнинг бари:мигрант, гастарбайтер –бу сунъий равишда яратилган ёрлиқлар. Қандайдир мавҳум ишчилар эмас, ўз ўрни ва ҳаётий қарашларига эга инсонларга эканига россияликларнинг эътиборини қаратишни истадик.
– Қаҳрамонларни қандай топдингиз? Салбий ролларни ижро этишга осонликча рози бўлишмагандир?
– «Дискриминатор» ролини актёр Юрий Уткин моҳирона ижро этди. У жамиятдаги салбий фикрларни, шу жумладан ОАВ лардаги баъзи нохолисликларни ўз қиёфасида акс эттира олди. Менимча, инсонлар салбий ахборотлар таъсирига тушиши, унга эътироз билдира олмаслик, инсон ёки вазиятга холис баҳо бера олмаслик ҳолатларигача кўрсата олдик.
Одамларга тарихни эслатиб туришга тўғри келади. Ҳозирда баъзиларнинг “энсасини қотираётган” Ўрта Осиёликлар Улуғ Ватан урушида бир сафда жанг қилиш билан бирга, эвакуация қилинганларга ўз бағридан жой берган.
-Умуман, бу лавҳани суратга олиш фикри қандай юзага келди?
– Мен юрист бўлганим учун ҳар куни бу муаммолар билан тўқнашаман. Менга кўпроқ “кўриниши славянмас” инсонлар мурожаат қилишади. Масалан, ижарага уй олишолмайди. Уларни шахсан билмай туриб, шунчаки, миллати сабаб рад этишади. Яқинда бир компания билан жанжални ҳал қилдик. У ерда ўз ходимлари славянча исмлар билан аташ талаб этилибди. Назаримизда, бу йўл қўйиб бўлмайдиган ҳол. Шунингдек, славян миллатига мансубмаслиги учун ишга қабул қилишни рад этиш ҳоллари бўйича мурожаатлар ҳамиша бўлиб туради.
– Демак, лавҳада муҳожирлар Россияда дуч келадиган энг долзарб муаммолар жамланибди-да?
– Худди шундай, чет эллик фуқаролар ичида энг кенг тарқалган муаммолар шулар.
– Лавҳа чиққач, маҳаллий аҳолининг эътирозлари бўлиши ҳисобга олинганмиди?
– Етарлича кенг даврали шахсларнинг салбий қарашларига дуч келишимизни яхши билгандик. Бундай инсонлар учун Россия якка маданиятли давлат, уларга миллати, эътиқоди, ирқидан қатъий назар, қонун олдида барча баробарлиги кўрсатилган Конституция ҳам муҳим эмас. Биз аҳолининг бу қатлами эътирозига тайёр эдик. Ва уларнинг бунга ҳаққи бор. Фикримизча, бундай қатлам билан мунозаралар олиб бориш керак. Уларнинг далилини эшитиш ва ўзимизникини билдириш лозим.
Бу масалада экспертларнинг билдиришича, миграциясиз иложи йўқ. Россияда мамлакатни ривожлантириш учун ҳамиша катта миқёсли лойиҳалар амалга оширилаяпти. Четдан ёрдамчи ишчи кучиларсиз бунинг имкони йўқ. Давлат Президенти В.Путин томонидан имзоланган 2025 йилгача миграция сиёсати концепцияси ҳам бунга далолат бўлади.
Менинг фикримча, Россиянинг келажаги кўпмиллатли, кўпмаданиятли ва унинг кучи ҳам шунда.
– Муҳожирлар Россияда дуч келаётган асосий муаммоларни қандай ҳал қилиш мумкин?
– Бугунги кунда муҳожирларнинг асосий муаммоси РФ да ишга жойлашиш жараёнидаги мураккабликлар.Россияда миграция қонунчилиги 20 йилдан бери давом этаяпти, аммо ҳалигача “ўтиш даври”да. Қонунчилик доимий равишда ўзгаришда. Деярли ҳар йили узоқ ҳудудлардан келиб ишловчилар тушуниши мураккаб бўлган “ўйин қоидалари” жиддий ўзгарганини кўрамиз. Улар ишлаш учун хужжатларни қандай қилса тўғри бўлади, ёки муаммолар юзага келса қаерга мурожаат қилиш керак, охиригача тушуна олмайдилар.
Ҳаммага маълум қилишга улгурилмайди, чунки қонун ва тартибларда янги ўзгаришлар юзага келади. Муҳожирларнинг ҳар бирларига ёрдам беришнинг имкони йўқ. Имкон қадар юридик маслаҳатларни йўлга қўяяпмиз, миграция қонунчиликлари билан интернет, ОАВлар орқали таништириб боришга ҳаракат қилаяпмиз.
– Россияга келишни истовчилар нималарга тайёр бўлиши керак, деб ўйлайсиз?
– Аввало,қаерга ишлашга бораётганини аниқ билиш керак. Иккинчиси: касбидан қатъий назар,рус тилини етарли даражада билиш шарт. Учинчиси: РФга келиб ишлашда қандай хужжатларни расмийлаштириш лозимлигини ўрганишлари керак. Ва қийинчиликлар бўлишини тушуниш керак.
– Муҳожирлар юридик маслаҳатлар учун қаерларга мурожаат қилиши мумкин?
– “Ягона миграция хизмати” (“Единая Миграционная Служба”) юридик маркази мирация ҳуқуқи бўйича хизмат кўрсатади. “Шаҳар қонунлари” («Законы города») ва «Федерал» юридик марказлари жиноий ишлар бўйича кўмак бериш билан шуғулланишади. Шунингдек, хусусий юридик компанияларга мурожаат қилиш мумкин. Дарвоқе, ўз хоҳишига қаршикулфатга тушиб қолган муҳожирлардан ҳақ олмаймиз.
Бир вақтнинг ўзида Россияда 7-8 млн чет эллик фуқаролар бўлади. Улар орасида оғир аҳволга тушиб қолганлар ҳам учрайди. Ёрдам умид қиладиган ҳеч кими йўқ. Ўзбекистонда ёки Тожикистондаги оиласининг ёрдам кўрсатишга имкони йўқ. Шундай вақтда, биз бўлмасак, ким ёрдам беради?!
– “Миллатчиликсиз мамлакат” лойиҳасини ривожлантириш ва мавзуни давом эттириш режаларингиз борми?
– Ҳа, айни пайтда бир неча сценарийларни кўриб чиқаяпмиз. Яқин вақтда уларни саралаб иккинчи лавҳани суратга олиш ишларини бошлаймиз. Бу гал лавҳа анча кўтаринки руҳда, Россия Федерациясидаги турли миллатлар мулоқотидаги ижобий тажриба ҳақида бўлади.
– Бегона давлатда маълум мавқеъга етишиш учун нима қилиш керак?
– Россия ажойиб мамлакат, аммо у ўз маданияти ва ижтимоий жиҳати билан Ўзбекистон ёк Тожикистондан фарқ қилади. Бу ерга келаётган киши биринчи навбатда, шуни тушуниши керак. Шу билан бирга ўз юртдошларидан иборат тор доирага бекиниб олишга уриниш эмас, янги дўстлар билан учрашувга, янги одатлар ва бошқа ҳаёт тарзи билан танишувга интилиш керак.
Шахсан мен ернинг қувватига ишонаман. Бу Россияда ҳам бор, агар яхши ният билан ҳалол ишлаш учун келсангиз, Россия қабул қилади. Аммо бу фалсафага доир фикр.Амалий маслаҳатга келсак, биринчи навбатда, алоқаларни танлашда эҳтиёткор бўлиш керак. Қонунийлик тамойилини маҳкам тутиш лозим.
Ана шундай тўғри йўналган ички ҳолат ва қонунлар билими Россия жамиятига киришга чипта беради.