Мақола

1 248 08/06/2022

Европа иттифоқи Россия Федерациясига нисбатан олтинчи жазо чоралари тўпламини маъқуллади. Шу билан Россия нефтига нисбатан қисман эмбарго жорий қилинмоқда. Мамлакатнинг 3 банки SWIFT молиявий хабар узатиш тизимидан узилади. 3 телеканал фаолияти тақиқланади консалтинг хизматлари кўрсатиш ва булутли хизматлар кўрсатиш ман этилади.

«Биз Россия нефтининг ЕИга импортини чекламоқдамиз ва шу билан Россиянинг катта даромад манбаларини қисқартирамиз. Россиянинг муҳим банкларини SWIFT халқаро тўлов тизимидан узишда давом этамиз», — деган ЕИнинг халқаро масалалар бўйича олий вакили Жозеп Боррель.

Унинг айтишича, бу чеклов чоралари «Буча ва Мариуполда содир этилган ваҳшийликларга алоқадорлар»га нисбатан ҳамда «президент Путин ташвиқотига фаол ҳисса қўшаётганлар»га нисбатан қўлланилмоқда.

Россия ўз навбатида рус ҳарбийларининг Буча ва Мариупол тинч аҳоли вакиллари орасидаги қурбонларга алоқаси йўқлигини, ҳарбий жиноятларда айблаш бўҳтон эканини таъкидлаб келади.

Шундай қилиб, Россиянинг хом-ашё кўринишидаги қора нефтини сотиб 6 ой мобайнида босқичма-босқич тўхтатилади. Қайта ишланган нефт маҳсулотлари хариди 8 ой ичида барҳам топади. Географик жойлашувига кўра, Россия нефтига боғлиқ мамлакатлар истисно қилинган.

Россиянинг Сбербанк, Москва кредит банки ва Росселхозбанки молиявий хабарларни алмашиш бўйича ихтисослаштирилган хизмат – SWIFT’дан узилади. Бундан ташқари, бу чора Белорус тараққиёт ва қайта тиклаш банкига қўлланилади.

Шунингдек, Россиянинг 3 давлат телеканали: «Россия РТР/РТР Планета», «Россия 24/Россия 24» ва «Международный ТВ Центр» ЕИ ҳудудида тақиқланади. Брюсселга кўра, бу телеканаллар Россия ҳукумати томонидан ЕИ ва Россия билан қўшни мамлакатларда беқарорликни келтириб чиқариш мақсадида Украинадаги вазият ҳақида «ахборотни манипуляция қилиш ва нотўғри хабарлар тарқатиш»да фойдаланилган.

Эслатиб ўтамиз, Россия ҳарбий кучлари 24 февралда Украинада ҳарбий амалиётларни бошлаган эди. Президент Путин, ушбу амалиётлар мақсади ҳақида баёнот бериб, Донбасс аҳолисини Киев ҳукуматининг «геноцид – қирғини»дан озод қилиш ҳамда Украинани «денацификация» ва «демилитаризация» қилиш эканини айтган эди.

 

 

 

 

 

 

 

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация