Мақола

1 029 17/10/2022

«Новые известия» нашрининг ёзишича, Россия демографик бўронни бошидан кечирмоқда. Февраль ва сентябрь ойларида мамлакатда бир вақтнинг ўзида аҳоли миграциясининг икки тўлқини юз берди. Россия Федерациясини  россияликлар ҳам, чет эллик мутахассислар ҳам тарк этмоқда.

Россиядан аҳолининг оммавий равишда чиқиб кетиши иқтисодиёт ривожланишининг секинлашишига ва меҳнат бозорида бир қанча оқимлар шаклланишига олиб келди. Улардан бири иш билан бандлик даражасининг ўсишидир. Бошқа томондан, малакали кадрлар ва мутахассислар Россияни тарк этишмоқда. Бу ҳақда “Новые известия” нашри маълум қилмоқда.

Сўнгги бир неча ҳафта ичида турли нашрлар Финляндия, Грузия ва Қозоғистон чегараларидаги узундан-узоқ навбатлар ҳақида ёзишмоқда. Туркия ва Арманистонга авиачипталар қимматлашди. Миграциянинг бугунги кундаги ҳақиқий манзарасини тавсифлаш ҳали ҳам қийин.

Мамлакатни асосан 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар тарк этяпти.

“Менимча кузда мамлакатни тарк этганлар сони 200 минг нафарда кам бўлмаса керак, февраль ойида 150 мингга яқин одам чиқиб кетган, аммо уларнинг аксарияти қайтиб келган”, – дейди “Новые известия”га маълумот берган эксперт.

Айни пайтда кўплаб компаниялар қисман сафарбарлик шароитида ходимларни ҳарбий хизматга чақириш ва брон қилишни сўрашмоқда.

Бу асосан IT мутахассисларига тегишли. Авиакомпаниялар, фармакология саноати вакиллари ва бизнес бирлашмалари ходимларининг чақируви кечиктирилишига умид қиляптилар.

“Ўз ўзидан, бу тўлқинлар ва сафарбарлик бир бирига қўшилганда ўта салбий жараён. Энг билимли, ёш, истиқболли, касбга интилувчи ва пул топадиган одамлар кетишди. Булардан ташқари, чет эллик олий тоифали мутахассислар ҳам чиқиб кетмоқда. Натижада мамлакат меҳнат бозори кучсизланиб, малакали ишчилар дефицити бошланган. Бу иқтисод ва демографияга зарар келтиради”, – дейди эксперт Алексей Ракша.

Россияда чет элликларнинг меҳнати соҳасида қарама-қарши фикрлар мавжуд. Марказий Осиёдан кўп сонли мигрантлар ватанларига қайтганлиги айтилмоқда. Россия Федерацияси Меҳнат вазирлиги аллақачон хорижий ишчи кучи учун квотани оширишни таклиф этмоқда.

Аҳолига маҳсулот етказиб бериш хизматлари бу соҳадаги ўзгаришларни яққол сезишмоқда.  Ҳайдовчиларнинг кўпчилиги ватанига чиқиб кетганлиги қайд этилмоқда. Аксарият фирмалар ўз ходимларига масофадан ишлашни таклиф қилишмоқда.
“Грузовичков” корхонаси сўнгги 2 ҳафта ичида ҳайдовчиларнинг фаоллиги 40%га камайганини хабар қилди. Аслида логистика соҳасида анчадан бери ҳайдовчилар етишмасди. Муаммо бугун яна жиддий тус олди. Ёш ҳайдовчиларнинг кўпчилиги бу соҳани асосий фаолиятдан ташқари қўшимча даромад олиш мумкин бўлган иш деб ҳисоблайдилар.
Бугун хорижлик иш кучига ҳам талаб юқори бўляпти. Россияда меҳнат қилган мигрантларнинг мамлакат иқтисодиётига  ўзларининг жиддий улушларини қўшганини уларнинг пул ўтказмаларидан ҳам билиб олиш мумкин.

2022 йилда Россиядан юборилган валюта ҳажми 2013 йилдаги энг юқори кўрсаткичдан ҳам ошиб кетди. Марказий Осиёд мигрантларига бугунги кунда Европа мамлакатларида ҳам қизиқиш катталиги маълум қилинмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация