Россия Давлат Думаси депутати Евгений Федоровнинг иддаосича, «республикаларнинг барчаси СССРдан ноқонуний равишда чиқиб кетган, шунинг учун Россия билан «можаро чиқарар» эмиш. Бу ҳақда у рус тилидаги телеграм каналлардан бирига берган интервюсида маълум қилган.
Евгений Федоров сўзида давом этиб эътиборини Қозоғистонга қаратган. Унинг фикрича, Қозоғистон Россияга қонуний равишда тегишли бўлган ҳудудни қайтариши ва рус халқига бундай “совға учун миннатдорчилик билдириши” керак экан.
Евгений Федоров қозоқлар асрлар бўйи яшаб келаётган ҳудудларни уларга руслар томонидан ҳадя қилинганини даъво қилмоқда.
Унинг таъкидлашича, Россия ҳудудни қайтариш ва 1991 йилдаги ноқонуний қарорларни тиклаш масаласини кўтаришига фақат маънавий чеклов тўхтатиб турар эмиш.
1991 йилда республикаларнинг СССРдан ажралиб чиқиши “ноқонуний” бўлганини иддао қилаётган Евгений Федоров Қозоғистон Совет Иттифоқидан ҳудудни 100% ижарага олган, деб ҳисоблайди.
РФ Давлат думаси депутати Фёдоровнинг собиқ совет республикаларидаги “баҳсли ҳудудлар” ҳақидаги сафсаталарига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП МК раиси Алишер Қодиров шундай жавоб берди:
— Россиянинг бошига одатдагидек ўзининг аҳмоқлари етади, шекилли… Бундан биз фойда кўрамизми, йўқми, вақт кўрсатади. Ёнғинга қарши чоралар кўриб, совуққонлик билан кузатамиз…
Собиқ иттифоқ республикаларига ҳудудий даъволар билан чиқиш россиялик депутатлар орасида янгилик эмас. Давлат Думасининг яна бир депутати Вячеслав Никонов ҳам илгарироқ “Қозоғистон ҳудуди Россиянинг катта совғаси” деган сўзларни айтгани учун қозоғистонликларнинг ғазабини қўзитган ва ТИВ ўринбосари Марат Сиздиков норозилик нотасини топширган эди.
Шуни эслаб ўтиш лозимки, 2020 йилда президент Путин, ҳали ҳеч ким Украина билан урурш бўлиши ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган пайтда Украинанинг Совет Иттифоқидан катта совға олгани ҳақида гапирган эди. Натижа ҳаммага маълум: икки йил ўтиб Россия Украинага уруш очди. Қозоғистонга бўлаётган ҳудудий даъволар ҳам янгилик эмас. Депутат Фёдоровнинг сўзларига ишонсак, Россия ҳар бир республика билан урушиши муқаррар экан. Бу Украинадан сўнг Қозоғистоннинг навбати келади, деганими? Россия депутатлари, кўпинча Путин ўзи айтолмайдиган гапларни ошкор қиладиган ўзига хос “мегафон” вазифасини бажаради.
Ўзбек партияси раҳбари айтганидек, “совуққонлик билан кузатиб туриш” яхши, бироқ ҳар хил ҳолатларга доимо тайёр бўлиб туриш ҳам зарар қилмайди.
Ёқуб Умар