5 октябрга ўтар кечаси Россиянинг Владимир вилоятида автобус ва йўловчи поезди ўртасида дахшатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 16 киши ҳалок бўлган. Уларнинг 15 нафари Ўзбекистон фуқаролари экани хабар қилинди.
ИИВ маълумотига қараганда, автобус светофорнинг тақиқловчи чироғига қарамай темир йўлни кесиб ўтадиган жойга чиқиб кетган.
“Автобус Қозоғистон республикасиники, поезд эса – “Санкт-Петербург — Нижний Новгород”, – дея маълум қилган Россия ФВВ вакили РИА Новости ахборот агентлигига.
Владимир вилояти губернаторининг матбуот котиби Рита Шляхова берган маълумотларга кўра, Mercedes русумли автобусда носозлик юз берган. “Қозоғистон давлати рақамлари бўлган автобусда Ўзбекистон фуқаролари кетаётган бўлишган. Темир йўлни кесиб ўтиш жойида автобус тўхтаб қолган. Автобусдаги йўловчилар ухлаётган бўлишган, уларнинг сони тахминан 50 киши эди, ҳайдовчи бақирган, 34 киши автобусдан югуриб тушишган. Улар тирик қолишди, автобуснинг ичида қолганлар ҳалок бўлди. Автобус бутунлай тиклаб бўлмас ҳолатга келган”, – деди Шляхова.
Тафсилотларга ойдинлик киритилмоқда.