Maqola

1 217 10/06/2022

Россия рублининг феврал ойидаги қулашидан кейин қадрини тиклаши ва мустаҳкамланиши аксар иқтисодчилар учун кутилмаган ҳол бўлди. Бу хусусда хорижий экспертлар қандай фикрда? Рублни келгусида нима кутмоқда? РБК қатор хорижий ОАВларда чоп этилган мақолаларни жамлади. Migrant уни ўзбек тилида ҳавола қилади.

2022 йил апрел ойида Россия рубли бошқа барча ривожланаётган мамлакатларнинг миллий валюталарининг барчасини ўсиш бобида ортда қолдирди. Бунгача икки ой мобайнида Украинадаги ҳудудида ҳарбий амалиётлар бошланиши билан қулаган рубл курси ўз қадрини тиклай бошлади.

Ҳарбий амалиётлар бошлангач, ЕИ Россияга нақд евро, АҚШ эса нақд доллар олиб киришни тақиқлади. Санкциялар ва Россия ҳукуматининг валюта назоратига доир жавоб чоралари туфайли рубл курси қулашда давом этди. 2022 йил март ойи бошида рубл доллар ва еврога нисбатан энг паст кўрсаткич: 1 доллар 120 рубл ва 1 евро 133 рублни намойиш этди. АҚШ президенти Жо Байден бир неча кун ўтгач Полшадаги матбуот анжуманида «мисли кўрилмаган санкциялар оқибатида рубл чиқиндига айланди» ва 1 доллар «200 рублига» тенглашиб қолгани ҳақида баландпарвоз баёнот беришга ҳам улгурди.

2022 йил май ойида рубл курси мустаҳкамланишда давом этди. Бироқ, таҳлилчилар “оптимизм учун асослар йўқ”, деган фикрда қолмоқда.

Кучли кўринмоқда, аслида…

Сўнгги маълумотларга қарамай, Россия рубли, гарчи шундай таассурот уйғотаётган бўлса-да, унчалик ҳам кучли эмас. Айирбошлаш курси эса, рублнинг айни вақтдаги харид қувватини акс эттирмаслиги мумкин, деб ёзади Insider нашри.

Нашрга кўра, “мамлакат иқтисодиёти, ҳамон оғир аҳволда, миллий валюта курси эса, ҳукуматнинг молия тизими устидан ўрнатган қаттиқ назорати ҳамда экспортёрларга нисбатан жорий қилган қатъий қоидалари туфайли бирмунча барқарор”. “Россия энди эркин бозор эмас”, – деган Япониянинг MUFG банки таҳлилчиси Ли Хардман.

Сармоя ҳаракати устидан қаттиқ назорат мамлакатдан ва унга ўтказиладиган пул ҳажмини чеклайди. Айни шу омил ҳукуматнинг рубл курси тебранувчанлигига қарши асосий қуроли бўлди. Чунки, россияликларга ўз ҳисоб рақамларидан 10 минг АҚШ долларидан кўп маблағини олишга ёки хорижий ҳисоб рақамларга нақд валюта юбориш тақиқланди. Хорижлик инвесторлар эса, Россиядаги молиявий активларини сота олмади.

Экспортчилар зиммасига оғир юк бўлган ва миллий валютани қўллаб-қувватловчи асосий чора шу бўлдики, экспортчилар валюта тушумининг каттагина қисмини (2022 йил биринчи чорагида ҳукуматнинг нефтгаз экспортидан даромади йиллик ҳисобда 80 фоизга ошди) сотишга мажбур бўлмоқда. Рубл курсининг феврал ойидаги қулашидан кейин Марказий банк ҳам ўз вақтида фаоллик кўрсатиб, асосий ставкани 17 фоизга туширишдан аввал 20 фоизгача кўтарди. Бу россияликларни шахсий жамғармаларини банкларда сақлашига туртки берди.

Ҳукуматнинг даҳшатли чекловлари шуни англатадики, рубл курси иқтисодиётнинг асл ҳолатини ифодаламайди, деб ёзади Insider. «Мен сармоя ҳаракатини назорат қилиш орқали валютанинг истаган курсини белгилай оламан», – дейди иқтисодчи Даниэл Габор.

Назорат рублни амалда «бошқарилувчи» валютага айлантирди

Британиянинг The Telegraph нашри ёзишича, таҳлилчилар рубл мустаҳкамланишини “бутунлай сунъий” деб ҳисоблашмоқда. Хорижий сармоядорлар бозордан чиқариб юборилди, компаниялар долларларини сотишга мажбур, фуқароларга эса, валютани айирбошлаш тақиқланди. Мутахассислар, Россия иқтисодиёти қисқармоқда, шу боис, рубл фундаментал кўрсаткичларни ифодаламайди, деган фикрни қатъият билан билдиришмоқда.

«Агар сиёсий чоралар қабул қилинмаганида (яъни, валюта чекловлари қўлланилмаганида), Америка валютасининг реал курси, катта эҳтимол билан 1 доллар 180 рубл атрофида бўларди», – дейди Wells Fargo Securities валюта стратеги Брендан МакКенн.

Ҳатто, Ривожланаётган бозорлар трейдерлари ассоциацияси (Trade Association for the Emerging Markets, EMTA) ҳам 2022 йил 11 майда трейдерларга Москва биржасининг рубл курсига доир маълумотларидан фойдаланмасликни тавсия қилди. Deutsche Bank, Morgan Stanley, Bank of America, J. P. Morgan Chase ва бошқалардан ташкил топган EMTA Россия рубли курсини баҳолашда 2022 йил 6 июндан бошлаб WM/Refinitiv хизмати маълумотларига таянишни маслаҳат берди.

Ачинарли тажриба

Россиянинг молиявий аҳволи айни пайтда кўплаб таҳлилчилар кутганидан кучлироқ бўлиб чиқди. Аммо, узоқ истиқбол назарда тутилса, анча заиф, деб ёзади The New York Times. Бунда рубл курсини қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ҳаракатлар мамлакат молия тизимини совет давридаги ҳолатга қайтармоқда. Сўнгги 20 йиллар давомида рубл бутун дунёда эркин алмаштирилган, унинг қиймати талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Валютанинг бундай конвертация қилиниши ғарб сармоядорлари учун жуда муҳим эди. Шунинг учун ҳам улар ишонч билан Россияга пул тиккан ва рус компаниялари билан ҳамкорлик қилган эди. Аммо, у даврлар ўтди (камида, ҳозирча) чунки Россия ҳукумати хорижий валютанинг эркин бозорини ёпди.

Келажак ҳақида туманли тасаввур

Россия рубл қадрини кўтариш учун бир қатор молиявий асбоблардан фойдаланди. Бироқ, Швейцариянинг Syz Bank инвестициялар бўйича директори Чарльз-Генри Моншау сўзларига кўра, Россия ташқарисида унчалик ҳам кўп одам, агар улар бирор харидни ёки бошқа амалиётни бажариши талаб этилмаса, Россия рублини сотиб олишга қизиқиш билдирмайди. Трейдерлар эса, «рублни эркин савдо қилиш валютаси сифатида баҳоламай қўйишди». «Агар Россия Украина муаммосига ечим топиш орқали Ғарб билан савдо муносабатларини тиклаш орқали санкциялар бекор қилинишига эришса, рубл ўзининг ҳозирги қийматини сақлаб қолиши мумкин, – дейди мутахассис. – Бошқа томондан, агар қарор қабул қилинмаса, рубл қулашига сабаб бўлиши, бу эса, ички инфляция кучайишига ҳамда Россиянинг чуқур иқтисодий турғунлигига олиб келиши мумкин».

Аммо, Моншау сўзларига кўра, Россия марказий банкининг «яна бир кучли қадами» «ғарб ОАВ томонидан эътиборсиз қолдирилди».

Россия банки олтинни бир грамми 5 минг рублдан белгилаб, шу қийматда сотиб олишни бошлади. Бу 2022 йил 28 мартидан 30 июнга қадар давом этади. Олтин АҚШ долларида сотилиши инобатга олинса, марказий банкнинг ушбу қарори рублни олтинга боғлашга имкон беради. Шу билан рублнинг долларга нисбатан минимал қийматини белгилашга ёрдам беради, дейди эксперт. Шундай қилиб, рублнинг мустаҳкамланиши олтин нархи ошишига олиб келиши мумкин. Сир эмас, Россия 2014 йили Қрим қўшилганидан буён ушбу қимматбаҳо металлни катта суръатларда тўплаб бормоқда. Олтин РФ халқаро захираларининг 20 фоизга яқинини ташкил этади.

Рубл мустаҳкамланиши омили

Россия рублининг қийматига таъсир кўрсатувчи яна бир омил 2022 йил март ойи охирида РФ президенти Владимир Путин имзолаган фармондир. Унга кўра, Россиянинг 2022 йил 1 апрелдан сўнг қувур орқали хорижий контрагентларга сотиладиган газ учун тўловлар фақат рублда амалга оширилиши керак. Бунинг ваколатли молия институти – Газпромбанкда – хорижий харидорлар учун рублли ва валюта ҳисоб рақамлари очилади.

Россия бош вазирт ўринбосари Александр Новак сўзларига кўра, 2022 йил 19 май ҳолатига, “Газпром” билан шартномаларга эга 54 та импортчи компаниялардан ярми «валюта тушумини таъминлаш, уларни рублга конвертация қилиш ва етказиб берилган газ учун рублда тўловни амалга ошириш» махсус валютали ва рублли ҳисоб рақамлар очган.

Европа, ҳозирча, Россия энергия манбаларидан воз кеча олмайди. Москва эса, ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда евронинг рублга нисбатан қийматини белгилаш борасида бозор бошқарувига эга бўлиб олди, деб ёзади Geopolitical Monitor. Натижада, Россия рубли эълон қилинмаган тарзда халқаро бозорларда доимий талаб бўлган ички актив билан таъминланган қаттиқ валютага айланди.

Рубл курси қандай бўлади?

Rabobank валюта стратеги Жейн Фоули фикрича, Россияни тарк этаётган хорижий компанияларга ўз активларини сотиб, пулларини мамлакатдан олиб чиқишга рухсат берса, рубл курси пасайиши мумкин. Бунда сармоя ҳаракати устидан назоратни қисман бекор қилиш ҳам, токи халқаро ўтказмаларни эркин амалга ошириш имкони бўлмас экан, рубл курсига сезиларли таъсир кўрсатмайди, дейди TD Securities инвестиция портфели бошқармаси стратегия учун масъули Кристиан Маджиою

«Валюта курслари динамикасига таъсир кўрсатувчи пул маблағларининг амалий ҳаракати йўқлигида рубл келгусида қандай оралиқда сотилишини тахмин қилиш амри маҳол», – дея хулоса қилади мутахассис.

Манбалар: Bloomberg, Inside, The Telegraph, CNBC, Geopolitical, Monitor, The New York Times.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya