Мақола

1 628 02/06/2022

Oxford Economics Росссия миллий валютасининг кескин қадрсизланишдан сўнг, ўзини тиклаб олиш сабабларини маълум қилди.

Рубл 2022 йил дунёда энг яхши натижага эришган валюта бўлиб турибди. Таъкидланишича, хом-ашё нархининг қимматлашуви, шунингдек, Россия марказий банкининг капитал ҳаракатини қатъий равишда назорат қилиши Россия рублининг мустаҳкамланишига олиб келмоқда.

Бунда энг асосий сабаб сифатида нефт ва табиий газ нархининг ўсиши, деб ҳисоблаган Oxford Economics’нинг ривожланаётган мамлакатлар бўйича эксперти Татьяна Орлова Американинг CBS телеканалига берган интервюсида.

 

«Ҳозир хом-ашё нархлари жуда юқори. Россия экспортининг ҳажми санкциялар ва тақиқлар туфайли тушганига қарамай, нархларнинг ошиши камайиш ўрнини қопламоқда», — деган Орлова.

 

Россия энергия захиралари, биринчи навбатда табиий газ ва нефть экспортидан ойига 20 млрд доллар ишлайди. Бундан ташқари, кўплаб хорижий компаниялар Россиянинг табиий газ учун рублда тўлаш шартини қабул қилишга мажбур бўлди. Бу ҳам рубл ўсишига таъсир қилди.

Иқтисодчининг фикрича, Россия банкининг, жумладан, акция ва облигациялар бўйича норезидентларга дивидентлар тўловини музлатиш орқали капитал ҳаракатини кескин назорат қилиши ҳам рубл мустаҳкамланишига олиб келган омиллардан биридир.

 

«Илгари бу Россиядан валюта чиқиб кетишининг сезиларли манбаларидан бири эди», — деган Орлова.

 

Шу билан бирга, Россия экспортчи компаниялари валюта киримларига рубл сотиб олишга мажбурдир. Албатта, 23 май куни Молия вазирлиги бу борадаги талабни бирмунча енгиллаштирди ва аввалги 80 фоиз валютани сотиш талабини 50 фоизга туширди. Қолаверса, хорижий инвесторларнинг компаниялардан улушини олиб чиқишни қийинлаштирди.

Эслатиб ўтамиз, Россия армиясининг Украинада ҳарбий амалиётларни бошлаши ортидан ғарб мамлакатлари Россияга нисбатан кескин санкцияларни қўллай бошлади. Бунинг ортидан рублнинг доллар ва еврога нисбатан курси қулади. Хусусан, 9 март куни 1 АҚШ доллари Москва биржасида 139 рублни ташкил этди. Март ойи охиридан бошлаб, Марказий банк чекловлари ортидан рубл курси барқарорлашни бошлади. 27 майда рублнинг долларга нисбатан қиймати 69,69 рублни ташкил этди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация