Мақола

1 149 20/06/2023

Москва Патриархиясининг черков, жамият ва ОАВ ўртасидаги муносабатлар бўйича синодал бўлими раиси Владимир Легойда “Россияда муҳожирларнинг фарзандлари туфайли мактабларда тил билиш даражаси пасаймаслиги учун миграция сиёсатини кучайтириш зарур”, деб фикрларини билдирди.

“Бу масалада тўғри мувозанатни топиш муҳим. Ҳеч ким муҳожир болалар ҳам ўқиши кераклиги билан баҳс қилмаяпти ва ҳеч ким уларнинг бу ҳуқуқини инкор ҳам этмайди. Бироқ, умумий таълим жараёни ва биринчи навбатда, фарзандларимизнинг тил даражаси зарар кўрмаслиги керак”, – деб ёзган у ўзининг телеграм-каналида.

Унинг иддаосича, муҳожир болаларга рус тилини ўргатиш учун ўқитувчиларни ортиқча жалб қилиш нотўғри экан. Бунинг ўрнига Легойда миграция сиёсатини қатъийлаштириш ва мутахассисларга рус тилини билиш учун қаттиқроқ талаблар асосида киришга рухсат беришни таклиф қилган.

Аввалроқ рус православ черкови мактабларда черков славян тили дарсларини жорий этишни таклиф қилган эди. Рус православ черкови Москва Патриархиясининг Синодал миссионерлик бўлими раиси, Луховицк епископи Евфимийнинг сўзларига кўра, маънавий ва ахлоқий қадриятлар жамиятга черков орқали берилади.

Бундан ташқари, унинг фикрича,  бу мигрантлар учун рус маданиятига мослашиш учун қўшимча восита бўлар эмиш.

Рус православ черкови (РПЦ) муҳожирларга аксар ҳолларда паст назар билан қараб, уларни малакасизлик ва жиноятлар сабабчиси сифатида кўради. Масалан ўтган йилнинг охирида  патриарх Кирилл муҳожирлар ҳақида гапирар экан “тобора кўпроқ россияликлар иш топа олмаётган пайтда малакасиз муҳожирларнинг кўплиги этник ва диний сабабларга кўра жиноятчилик ва можароларнинг кўпайишига олиб келади”, деган эди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация