Мақола

656 12/09/2022

“Рус тилини билмайдиган мигрант болаларни мактабларга киритиш мумкин эмас”, – дейди Россия Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш раҳбари Валерий Фадеев

Россияга бораётган меҳнат мигрантлари сони сўнгги пайтларда ошиб боряпти. Уларнинг аксарияти фарзандлари билан турли шаҳарларга кўчиб боришган. Мигрант ота-оналарнинг кўпчилиги рус тилини яхши билмайдилар. Табиийки, баъзиларининг фарзандлари рус тилини мутлақо тушунмайдилар. Улар ўз ватанларида фақатгина она тилларида сўзлашишган. Болалар рус мактабларига келишгач, тил билмаслиги сабабли жуда қийналадилар.

“Бизнинг фикримизча рус тилини билмайдиган мигрантларнинг болалари рус мактабларига ўқишга киритилмаслиги керак. Акс ҳолда бутун синфнинг ўқиши издан чиқади. Бундай вазиятда нафақат рус болалари, балки тил билмай ташриф буюрганларнинг ўзлари ҳам қийналадилар. Ахир улар ҳеч нарсани тушунмасалар, мулоқотга кириша олмасалар, таълим жараёнини ўзлаштириш ҳақида гап бўлиши мумкинми?” – деди Фадеев. Бу ҳақда “Коммерсант.ру” портали хабар берди.

Кенгаш раҳбари “бундай болалар ҳар йили рус тили бўйича тайёргарлик курсларига юборилиши ва шундан кейингина умумий синфга киритилиши керак”, – деб ҳисоблайди.

”Россияда вақтинча ишлаётган мигрантлар бу ерга оилаларини олиб келишга асослари йўқ, деб ҳисоблаймиз. Бундай оилаларнинг кўпчилиги Россияга фарзанд кўриш учун келадилар”,- дея қўшимча қилди Фадеев.

Россия Федерацияси Конституциясининг 43-моддасига кўра Россияда ҳар кимнинг таълим олиш ҳуқуқи белгилаб қўйилган, давлат мактабгача, асосий умумий ва ўрта касб-ҳунар таълимининг умумий ва бепул бўлишини кафолатлайди.
«Одинаково разные» лойиҳаси раҳбари Ирина Белоусова тўғри таъкидлаганидек, мигрант болалар билан боғлиқ муаммолар қўшимча таълим доирасидагина ҳал қилинмоқда. Аслида мактабларда рус тили курслари ва ижтимоий мослашув бўйича алоҳида ўқув ишлари мудири лавозими бўлиши керак.

Давлат томонидан мигрант болаларнинг мактабларда ижтимоий-маданий мослашуви бўйича ишларни йўлга қўйиш ўрнига, мансабдор шахс болаларни рус тилини “маълум даражада” билишга етгунига қадар асосий таълимдан маҳрум қилишни таклиф этмоқда. Ахир бу на қонун-қоидалар ва на инсонийлик мезонларига тўғри келмайдику. Аслида ёш болаларга ўзлари кўчиб келган жойга озгина мослашиб олишлари учун шароит яратиш керак. Ҳозир Россиянинг аксарият вилоятларида биринчи синфга чиқишларидан аввал болаларга ва ҳатто уларнинг ота-оналарига рус тилини ўргатиш амалда қўлланилмоқда.
Бугун ана шундай марказларни кўпайтириб, болаларга тил ўргатиш афзалроқ эмасми?

Аввалроқ Фадеев Москва метрополитенида турли белги, эълон ҳамда кўрсатмаларнинг ўзбек ва тожик тилида ёзилганини танқид қилганди. Унинг Москва мэриясига ёзган хатида метродаги кўрсаткичларда рус тили билан бирга ўзбек ва тожик тилидаги кўрсатмалар москваликларга ҳалақит бераётганлиги таъкидланган.

Метрополитен раҳбариятининг фикрига кўра эса “Прокшино” и “Лесопарковая” бекатларида кўрсатмаларнинг нафақат рус тилида, балки ўзбек ва тожик тилларида берилиши вестибюлларда одамларнинг тўпланиб кетишини камайтирди. Чунки меҳмонлар энди метрода ўзларига зарур маълумотларни ўқиб, йўналишларни яхши ўзлаштиряптилар. Москваликларга эса уч тилдаги ёзувлар мутлақо ҳалақит бермаяпти.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация