Maqola

4 135 11/05/2017

1
Меҳнат мигранти бу марказда ўқийди, имтиҳон топширади, тиббий кўрикдан ўтади ва барча ҳужжатларни тахт қилиб иш жойига отланади. Суғурта, имтиҳон, тиббий кўрик ва патент учун тўлов марказнинг ўзида амалга оширилади.

Самарқанд шаҳрида меҳнат мигрантларини Россия Федерациясига ташкилий танлаб олиш ва жалб этиш бўйича марказ очилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон меҳнат вазири А.Абдуҳакимов ва Санкт-Петербургдаги «Меҳнат ресурслари маркази» давлат автоном муассасаси директори А.Чистяков ҳамда унинг маслаҳатчиси В.Шинкаренколар ўртасидаги учрашувда ана шу хусусда сўз борди.

Учрашувда томонлар Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги билан ҳамкорликда Россия Федерациясига меҳнат мигрантларини ташкилий танлаб олиш, тайёрлаш ва жўнатиш марказини очиш масаласини муҳокама қилишди.

Ўзбекистон меҳнат вазири А. Абдуҳакимов ушбу марказда Россияда ишлашни хоҳловчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилиши, у Санкт-Петербургдаги барча иш берувчиларнинг буюртмалари келиб тушадиган жойга айланиши лозимлигини қайд этди.

Меҳнат мигранти бу ерда ўқийди, имтиҳон топширади, тиббий кўрикдан ўтади ва барча ҳужжатларни тахт қилиб иш жойига отланади.

Шунингдек, мазкур марказда мигрантларни Россияга жўнаб кетишдан олдин тиббий кўрикдан ўтказувчи филиаллар очиш бўйича Россия тиббиёт муассасалари билан музокаралар ўтказиш таклиф қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон фуқароларига патент олиш жараёнини соддалаштириш, уларни санитария-гигиена талабларига мос яшаш жойи билан таъминлаш, хавфсиз ва меҳнат муҳофазаси таъминланган иш ўринларини яратиш бўйича фикр алмашилди.

Вазир суғурта, имтиҳон, тиббий кўрик ва патент учун тўлов ушбу марказнинг ўзида эркин конвертацияланган валюта (АҚШ доллари)да тўланиши, Ўзбекистон банки орқали online режимда тегишли манзилга ўтказиб берилиши мумкинлигини билдирди.

Учрашув якунида Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Санкт-Петербургдаги «Меҳнат ресурслари маркази» давлат автоном муассасаси ўртасида Ўзбекистон фуқароларини Санкт-Петербургда вақтинчалик ишлашлари учун ташкилий жалб этиш бўйича келишув имзоланди.

Томонлар тез орада Ўзбекистон меҳнат вазирлиги ва Санкт-Петербург ҳокимияти Самарқандда «Меҳнат ресурслари маркази»нинг ваколатхонасини очиш бўйича меморандум имзолашга келишиб олдилар.

Манба: sputniknews-uz.com

 

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya