Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар учун ўз юртига пул юбориш янада осонроқ бўлди.
РФ Марказий банки Россия банкидаги ҳисоб рақамидан чет элга 50 минг АҚШ долларигача пул ўтказишга рухсат берди. Бундай ўтказма бир ойда бир марта юборилиши мумкин. Аввал чет элга ўтказиладиган валюта лимити 10 минг доллар билан чекланган эди.
Пулларни ҳисоб рақами очмасдан ҳам ўтказиш мумкин. Лекин бу ҳолатда тўлов миқдори камроқ бўлади.
Ҳамдўст мамлакатларнинг фуқаролари пул ўтказиш компаниялари орқали аввалгидек ҳисоб рақами очмасдан 5 минг АҚШ доллари ёки бошқа валютадаги эквивалентини ўтказишлари мумкин.
Россия ҳудудида меҳнат ва фуқаролик –ҳуқуқий шартномаси асосида ишлаётганлар учун ўз иш ҳақлари ва бажарилган иш учун тўловлар миқдоридаги маблағларни банк орқали жўнатиш имконияти бор. Бунинг учун банкда ҳисоб рақами очиш зарур эмас.
Пул ўтказмалари банкларда АҚШ долларининг рублга нисбатан расмий курси асосида ўтказилади.