Самарқанд аэропорти тўрт кун — 8−11 ноябрь кунлари ёпилади. Бу кунларда шаҳар Туркий давлатлар ташкилотининг саммитига мезбонлик қилади.
«Самарқанд» аэропорти техник сабабларга кўра 8 ноябрь соат 00:01 дан 12 ноябрь 00:01 га қадар парвозлар учун ёпилади.
Бу ҳақдаги хабар авиация ходимлари учун NОТАМ халқаро хабарнома тизимида пайдо бўлди, деб хабар бермоқда AviaAlertsUZ Телеграм канали.
11 ноябрь куни Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти саммити бўлиб ўтади. Бу 2021 йил ноябрида Туркий Кенгаш ўрнида тузилган ташкилотнинг биринчи саммити бўлади.
Ташкилотга аъзо мамлакатлар давлат ва ҳукумат раҳбарлари учрашуви арафасида иқтисодиёт ва ташқи ишлар вазирларининг учрашувлари ўтказилади.
Ташкилотга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон (2019 йилдан) аъзо. Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд аэропорти Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммити шаҳарда ўтказилиши муносабати билан 14−16 сентябрь кунлари ҳам тижорат йўловчи ва юк рейслари учун ёпилган эди. Бу ҳақда “Газета.уз” хабар берди.