Йўловчилар самолётдан тушаётганларида кўпинча бепарволик, шошма-шошарлик ёки тиқилинч сабабли шахсий буюмларини қолдириб кетишади. Бундай вазиятларда нима қилиш кераклиги кўпчилик билмайди. Аксарият одамлар эса ”Эҳ афсус, буюмимни самолётда йўқотдим” дея юкларидан умидларини узиб қўя қолишади.
Аслида қуйидаги маълумотларни билиб қўйиш ҳаммамиз учун фойдали. Багаж ёки шахсий буюмлар йўқолганда ҳаракат қилиш тартиби мавжуд. «Uzbekistan Airports Handling» МЧЖ багаж қидириш гуруҳи бошлиғи Наталья Арапбаева бундай вазиятда нима қилиш кераклигини тушунтириб берди.
– Ҳаво кемаси одатда Тошкентга ёки бошқа исталган шаҳарга келиб қўнгач, борт кузатувчилар бутун самолёт бортини текшириб чиқишади. Улар ҳаво кемасида топилган барча буюмларни И.Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг «Lost and found»(Багаж қидириш) бўлимига топширишади. Агар сиз самолётда бошқа шаҳарга учиб, юкларингизни ўша ерда қолдирган бўлсангиз, Ўзбекистон авиакомпаниясининг аэропортдаги ваколатхонасига мурожаат қилишингиз керак, йўқолган буюмларини айнан шу ердан олиш мумкин.
Тошкентда йўловчи йўқолган буюмини олиши учун, ҳафтанинг исталган кунида, иш куни давомида +99878 1402914 рақамига қўнғироқ қилиши, ёки йўқолган буюмни батафсил тавсифлаган ҳолда claim@uzairways.com электрон манзилга сўров юбориши мумкин.
Йўловчига йўқолган нарса топилгани ҳақида хабар берилгандан сўнг, у паспорти ва ҳаво кемасига чиқиш талонини тақдим этиб, шу куниёқ уни олиб кетиши мумкин. Йўловчилар томонидан унутилган буюмлар Тошкент аэропортидаги сақлаш хонасида 3 ой давомида сақланади ва шу муддат ўтгач, утилизация қилиш учун юборилади. Бошқа шаҳарлардаги ваколатхоналарда буюмларни сақлаш муддати бошқача бўлиши мумкин. Шуни эсда тутингки, 2022 йил 1 майдан буюмларни сақлаш пуллик бўлиб, кунига 7 еврони ташкил этади.