Санкт-Петербургда миграция рейдларида янги чора қўллаш бошланди: энди нафақат чет эллик қонунбузарлар, балки Россия фуқаролигини олганлар полициядан сўнг “военкомат”ларга ҳам олиб кетилмоқда.
Санкт-Петербург полицияси ходимлари профилактик миграция рейдлари кўламини кенгайтирди. Энди бу чоралар нафақат чет эллик қонунбузарларга, балки фуқаролик олган Россиянинг янги фуқароларига ҳам тегишли.
Янгилик ҳақида Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург ва Ленинград вилояти бўйича Бош бошқармаси вакиллари 16 август куни София кўчасидаги сабзавот омборида ўтказилган рейдлардан бири мисолида эълон қилишди. Ушбу амалиётда милиция икки кун давомида ҳарбий комиссариатлар билан яқин ҳамкорликда ишлади.
Миграция масалалари бўйича текширувлар давомида 400 га яқин хорижлик текширувдан ўтказилган ва уларнинг ҳар еттинчиси ҳужжат билан боғлиқ муаммоларга дуч келган. Улардан бири ҳатто сохта ҳужжатлардан фойдалангани учун Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 327-моддаси бўйича айбланувчига айланди.
Таъкидлаш жоизки, Россия фуқаролигини олган ва ушбу рейд учун оператив манфаатдор бўлмаган Россия фуқаролари бу чоралардан четда қолишмади.
«Полиция ходимлари имкониятни бой бермай, Россия фуқароларини ҳам текширувдан ўтказди: фуқароликни олиш нафақат ҳуқуқлар, балки мажбуриятларни ҳам ўз ичига олади», – дея изоҳ берган ИИВ Бош бошқармаси вакиллари.
Шу тариқа, София кўчасидаги сабзавот омборида юздан ортиқ эркак Конституцияда белгиланган ҳарбий хизмат мажбурияти билан танишди. Уларнинг деярли барчаси рўйхатга олиш учун Фрунзе тумани ҳарбий комиссариатига олиб кетилган.
Миграция рейдларидаги ушбу чора ҳақида фикрингиз қандай? Илтимос, ушбу тадбир ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашинг.