Мақола

1 133 06/11/2023

Санкт-Петербургда “участкавой”га пора беришга уринган 28 ёшли Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди, деб хабар бермоқда Россия Тергов қўмитасининг шаҳар бўйича матбуот хизмати.

Тергов маълумотларига кўра, у 2023 йил 2 ноябрь куни Россия Ички ишлар вазирлигининг Санкт-Петербургнинг Петродворец туманидаги 46-милиция бошқармаси биносида 30 минг рублни тезкор тадбирда қатнашаётган маҳаллий полиция ходимига пора тариқасида берган.

Бу пул эвазига полициячи аввал маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлга олинган икки ҳамюртини озод қилиши керак эди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санкт-Петербург полицияси хорижлик муҳожирларнинг иш ва яшаш жойларида кенг кўламли рейдлар ўтказган эди. Хусусан, Шимолий пойтахтдаги йирик сабзавот омборлари ва бозорлар кўздан кечирилган. Айрим мигрантлар ҳозир мамлакатдан депортация қилиниши кутилмоқда. Умуман олганда, йил бошидан буён Нева бўйидаги шаҳардан 2,3 минг нафар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар депортация қилинган. Бадарға қилинганларнинг аксарияти Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган.

Россия ва бошқа давлатларда меҳнат қилаётган ҳамюртларимизга  шуни эслатиб ўтамизки, мансабдор шахсга пора берганлик учун катта миқдордаги молиявий жарималардан тортиб бир неча  йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 291-моддаси).

Агар сиз пора беришга мажбурланаётган бўлсангиз бу ҳақда милиция, тергов қўмитаси ёки прокуратурага хабар беринг, жиноятни очиш ва тергов қилишга ёрдам беринг. Фақат шу ҳолатдагина сиз маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилмайсиз.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация