Мақола

152 17/12/2023

Саудияга ишлаш учун келган ажнабий ҳар лаҳзада ишини йўқотишга шай туриши лозим. Бу давлатда “job security” – иш барқарорлиги паст. Сиз нақадар юқори малакали касбда бўлманг, бир кафилга боғланган оддий хизматкорсиз. Сизга мутлақо дахли бўлмаган сабабларга кўра ё ўзингиздаги арзимас хато билан ишингизни йўқотишингиз мумкин.

Ўзимда бўлган, мисол. Кундузи ишга бориб келдим. Хуфтондан кейин эмайл келди — Барча ходимлар эртадан ишга бормасин, ширкатимиз ёпилиб кетди, деган. Ҳеч қандай сабаб ёки изоҳ берилмаган. Ҳеч қандай компенсация ҳақида ҳам гап йўқ. Ширкатимизни пудратчи қилиб олган ташкилот кутиб туринглар, бошқа пудратчига ўтасизлар деди холос. Уч ой ноаниқликда кутдик ва бошқа ширкатга ўтдик. Мени иқомам ширкатга боғланмаган эди, менга сезилмади аммо ширкатга тобе бўлганларга жуда қийин бўлди.

Бир Покистонлик таниш ҳикоя қиляпти:

— Амаким ҳарбий учувчи эди. 1970 йилларнинг бошида Саудияга ишга келган, бутун умр шу ерда яшашни ният қилган. Бир куни Покистон бош вазири Саудияга ташриф буюради. Амаким ҳам оддий Покистонлик сифатида у билан қўл бериб сўрашиб қўяди холос, бир неча секундлик ҳодиса холос. Ана шу куниёқ амакимга пойтахт Риёздан буйруқ келади: 24 соат ичида Саудияни тарк эт, сен протоколни буздинг, сен сўрашишга ҳаққинг йўқ эди, оддий учувчисан, қоидани буздинг, деган маънода.

Хуллас, амаким ялиниб ёлвориб бир ҳафта муддат сўрайди, ҳамма нарсаларини имкон қадар сотади ва чуқур шокда оиласи билан Саудиядан чиқиб кетади.
Ўша амаким кейин Канадага кўчиб кетди. Саудиядан шу даражада нафратланадики, ўша кетгандан бери қадамини босмади, болаларини ҳам боргизмайди.

Дадам ҳам амаким билан бир пайтда Саудияга келган, ҳарбий ҳамшира бўлиб ишлаган. Дадам ҳам умрбод шу ерда яшаб қолишга ҳаракат қилди ва шу ерда вафот топди. Аммо бунинг учун жуда катта қурбонлик қилди. Ўша қарорнинг энг катта қурбони бизмиз. Чунки биз на Саудияда бемалол яшоламиз на бошқа жойга кетоламиз, шу ерга тиқилиб қолганмиз, ниҳоятда қийин аҳволдамиз.

— Фаизиддин Муъмин —

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация