“Таянч” газетаси эндиликда “Сахарово”да тарқатилади
Россиядаги мигрантларга ўзининг “Мигрант” мобиль иловаси ҳамда “Таянч.ру” сайти ва газетаси билан ахборот-сервис хизматларини кўрсатиб келаётган “ЛексМобайл” юридик фирмаси мигрантлар орасида “Сахарово” номи билан машҳур Москва Кўптармоқли миграция маркази билан доимий ҳамкорликни бошлади.
Москва Кўптармоқли миграция маркази давлат бюджети ташкилоти меҳнат патентини расмийлаштириш учун хужжатлар қабул қилади, Москва шаҳрида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини беради. Мазкур марказ чет эл фуқароларига Москва шаҳрида ишлаш учун меҳнат патенти расмийлаштириш ва бериш амалиёти ўтказиладиган ягона ташкилотдир.
Ўтган хафтада “Таянч.ру” жамоаси Москва Кўптармоқли миграция маркази матбуот хизмати таклифига биноан, марказда бўлиб, у ерда мигрантлар учун Москва шаҳрида меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи хужжатларни тайёрлаш жараёни ҳамда мигрантлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Юрист Ботиржон Шерматов ва журналист Соҳиба Ҳайитбоевага Москва Миграция Кўптармоқли маркази матбуот хизмати бош мутахассиси Татьяна Стретович ҳамроҳлик қилди.
Россияга ишлаш мақсадида келган чет эллик 2 та хужжат – паспорт ва миграция картаси (РФ чегарасидан ўтаётганда божхона хизмати томонидан бепул берилади) билан Миграция марказига келиши мумкин. Ишлашга рухсат берувчи меҳнат патентини олиш учун керакли барча хужжатларни тайёрлаш жараёни мазкур марказнинг ўзида амалга оширилади.
Меҳнат патентини олиш учун тиббий кўрикдан ўтиш, рус тили, қонунчилиги ва тарихидан имтиҳон топшириш, бармоқ излари топшириш, паспортни нотариус орқали тасдиқланган таржимаси, суғурта расмийлаштириш, патентнинг аванс тўловини амалга ошириш каби жараёнларга бор-йўғи 2 соат вақт сарфланади. Марказ бир кунда 7500 дан зиёд кишига хизмат кўрсатишига қарамай, навбатлардан ҳоли ва маслаҳатлар учун мутахассислар ажратилган.
Москва кўптармоқли миграция маркази мигрантларга қонуний ишлаш ва яшаш тўғрисидаги маълумотларни етказиб бериш учун турли қулай усуллардан фойдаланмоқда.
Патент олиш бўйича қўлланмалар ўзбек ва тожик тилларида нашр этилди, – дея маълумот берди марказ матбуот хизмати мутахассиси – Мазкур қўлланмалар рус тилини мукаммал билмайдиган чет элликлар эндиликда қонуний хужжат қилиш йўл-йўриқларини ўз тилларида ўрганиш имкониятларини беради. Қўлланмалар нафақат марказимизда, балки Москвага учувчи авиарейсларда ҳам тарқатилмоқда. Шу орқали мигрантларга Россияга келгунига қадар ҳам қонуний хужжат асосида ишлаш борасида асосий тушунчаларни берилади.
“Таянч.ру” жамоасининг миграция марказига хизмат сафарида Москва Кўптармоқли миграция маркази бош директори Николай Федосеев билан учрашув уюштирилди.
Ўзбекистонлик ва уларнинг қаторида барча чет эллик мигрантлар учун марказимизда янада қулай шарт-шароитларни яратиш учун амалий ишлар бажарилмоқда, – дейди раҳбар Николай Федосеев. – Тез кунларда марказимизга ташриф буюрувчилар учун қулай ва шинам ошхона ишга тушади. Бундан ташқари, Москва шаҳрининг бир неча метро бекатларидан Кўптармоқли миграция марказига маршрут автобуслар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган.
“Таянч.ру” ва Москва Кўптармоқли миграция маркази томонидан мигрантлар учун манфаатли бўлган бир неча келишувлар имзоланди. Жумладан, эндиликда “Таянч.ру” порталининг нашри бўлган “Таянч” газетасини Кўптармоқли марказида тарқатилади.
Энг муҳими, мигрантлар учун марказда ташкил этилган меҳнат биржаси хизматлари портал ва газета саҳифаларида мунтазам бериб борилади. Бу эса ўз навбатида ўзбекистонлик мигрантларнинг иш билан таъминланиши имкониятини беради.
Юртдошларимиз Москва Кўптармоқли миграция марказининг хабар ва янгиликларидан энг биринчилардан бўлиб “Таянч.ру” порталида танишиб бориш, ҳамда мигрантларни қизиқтирган барча саволларга марказ мутахассисларидан жавоб олиш имкониятларидан фойдаланишлари мумкин.
Москва шаҳрида мигрантлар учун меҳнат патенти ҳақида батафсил маълумотлар билан Москва Кўптармоқли миграция марказининг расмий сайтида http://mc.mos.ru (рус тилида) ва “Таянч.ру” мигрантлар порталида http://tayanch.ru (ўзбек тилида) танишиб чиқиш мумкин.
Тayanch.ru нинг Telegram даги расмий каналига обуна бўлиб, янгилик ва эълонлар билан танишиб боринг.