7 апрелдан бошлаб Сбербанк чет эл валютасида барча пул ўтказмаларини тўхтатди.
Яқин вақтгача Сбербанк мижозлари пул ўтказмаларини евро, иена, Швейцария франки, Норвегия кронаси ва Сингапур долларида жўнатишлари мумкин эди. Энди улар фақат баъзи мамлакатларга рубл ўтказишлари мумкин.
Тақиқ банк филиалларида ва Сбербанк Онлайн мобил иловасида пул ўтказмалари учун амал қилади. Бу ҳақда РБКга кредит ташкилоти вакили хабар берди.
«Бунга хорижий банклардаги вакиллик ҳисобварақлари билан валюта операцияларини амалга оширишга қўйилган санкция чекловлари сабаб бўлди», деди банк вакили. «6 апрелдан бошлаб амалга оширилган пул ўтказмалари комиссия билан биргаликда мижознинг ҳисоб рақамига тўлиқ қайтарилади. Банк филиалларида чет элга рублда пул ўтказмалари резидентлар учун одатий режимда чекловларсиз амалга оширилади», — дея қўшимча қилди у.
Шунингдек, мобил илова орқали қўшни давлатларга: Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, шунингдек, Приднестровега телефон рақами орқали рубл ўтказмаларини амалга ошириш мумкин.