Maqola

897 21/06/2023

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси хабар беришича, Тожикистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси консуллик хизмати кўмагида Россия Федерацияси ҳудудида қаровсиз қолган 3 нафар вояга етмаган Тожикистон Республикаси фуқароси ватанига қайтарилди.

Элчихона жорий йил бошидан буён Тожикистон Республикасининг 9 нафар вояга етмаган фуқароси ўз ватанига қайтарилганини маълум қилмоқда.

Тожикистонлик гўдакларни репатриацияси вояга етмаган болаларни доимий яшаш мамлакатларига қайтариш тўғрисидаги Кишинёв конвенцияси талабларига мувофиқ амалга оширилган.

Тожикистон дипломатик хизматлари ва Тожикистоннинг бошқа давлат тузилмалари ваколатхоналари ҳар йили ўнлаб болаларни Россиядан ватанига қайтаради. Булар асосан Россияда меҳнат миграциясида бўлган, бироқ туғруқхонада ташлаб кетилган Тожикистон фуқаролари томонидан туғилган болалардир. Аксарият ҳолларда, булар қариндошларининг беникоҳ туғилган болага нисбатан салбий муносабатидан қўрқиб, фарзандини ташлаб кетган аёлларнинг болаларидир. Оғир ижтимоий-иқтисодий аҳвол ёки боланинг отаси билан ажрашганлиги сабабли фарзандини ташлаб кетаётганлар ҳам бор.

Тожикистон қонунлари чет эл фуқароларига Тожикистон ваколатли органлари рухсатисиз фарзанд асраб олишни тақиқлайди. Шу сабабли Тожикистон консуллиги ва бошқа идоралар вакиллари қаровсиз қолган болаларни ўз ватанларига қайтаришга ҳаракат қилмоқда.

Бир неча йил аввал Тожикистоннинг Россиядаги собиқ элчиси Абдулмажид Дўстиевнинг “ота-оналар фарзандларини ташлаб кетса ҳам, Тожикистон бирорта ҳам боласини бегона юртда қолдирмайди, давлат уларнинг ўрнини босади” деган ибораси машҳур бўлган эди.

“Тожикистонда исталмаган болалар йўқ. Бу болалар оналари томонидан ташлаб кетилганига қарамай, улар мамлакатимиз фуқароларидир. Тожикистонлик болаларнинг бегона муҳитда улғайишига йўл қўйиб бўлмайди”, – дейди 2007-2014 йилларда Москвада элчи бўлиб ишлаган Дўстиев.

Одатда, Россиядан қайтарилган болалар меҳрибонлик уйларига тақсимланади, кейин эса улар фарзанд кўриш истагида бўлган оилалар томонидан асраб олиниши мумкин. Агар болани қариндошлардан бири қабул қилиш истагида бўлса, уларга берилади.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya