Мақола

2 109 05/06/2023

Сергей Миронов Ўзбекистон ёлланма аскарларни жазолашидан норозилигини билдирди.

«Справедливая Россия» фракцияси раҳбари Сергей Миронов Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Украинада жанг қилаётган ўз фуқароларига нисбатан жиноий жавобгарлик қўллашидан норози бўлди.

Қозоғистон, Қирғизистон ва “Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо ва кузатувчилардир. Агар ушбу мамлакатлар фуқаролигига эга бўлган рус ўз тарихий ватанига ёрдам беришга ва “Махсус ҳарбий операция”га боришга қарор қилса, у қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бу бемаънилик! Биз бу масалани давлатлараро даражада ҳал қилишни таклиф қиламиз!”, – деб ёзган у твиттерда.

“Юксалиш” ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов эса Мироновга ўз мамлакати қонунчилиги устида ишлашни маслаҳат берди.

“Россияда урушга ёллаш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Жиноят кодексининг 359-моддасида ҳарбий тўқнашувда иштирок этаётган давлат фуқароси бўлмаган ва шу давлат ҳудудида доимий истиқомат қилмаган шахснинг моддий манфаат олиш мақсадида қилган хатти-ҳаракати  урушга ёллаш деб ҳисобланади”, деб жавоб берган Бекмуродов.

Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон ташқи сиёсати куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик тамойилига асосланади. Бекмуродов, шунингдек, Ўзбекистон бошқа мамлакатлардаги геосиёсий ва ҳарбий вазиятга қараб қонунчиликни мослаштирмаслигини таъкидлаган.

Ўтган йилнинг сентябр ойида Бош прокуратура хорижда бўлган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилиб хорижий давлатлар қуролли кучлари сафига қўшилиш учун жиноий жавобгарлик мавжудлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Жиноят кодексининг 154-моддасига асосан, ёлланма, яъни қуролли тўқнашувда ёки жанговар ҳаракатларда чет давлат ҳудудида ёки томонида низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси бўлмаган ёхуд ушбу давлатнинг ҳарбий хизматчиси бўлмаган шахснинг иштирок этиши, можаро иштирокчиси томонидан назорат қилинадиган ёки бирор давлат томонидан қуролли кучлар таркибида хизмат вазифаларини бажаришга рухсат берилмаган ҳудудда моддий мукофот ёки бошқа шахсий манфаатлар олиш мақсадида доимий яшамаган шахс беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноят кодексининг 154-1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг ҳарбий хизматга, хорижий давлатларнинг хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия ёки шунга ўхшаш бошқа органларида хизматга кириши БҲМнинг уч юз бараваригача миқдорда жарима ( 99 миллион сўм) солишга ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинишига сабаб бўлади. Аскарликка ёллаш учун беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.

Гарчи Сергей Мироновнинг фракцияси «справедливая» –  “адолатли” деб аталса-да, унинг сўзларига қараб, беихтиёр бу фракция “не” префикси билан “несправедливая” деб ёзилса кўпроқ мос тушарди деб ўйлаб қоласиз.

Ҳамма гап Украина билан бўлаётган ҳарбий ҳаракатлар, урушга керакли аскарларнинг етмаётганида.

Нега ҳатто ўз давлатида ҳам ёлланма аскарлик жиноий ҳаракат деб баҳолансада, депутатнинг оғзидан бундай гаплар чиқмоқда? Бунга нафақат “Юксалиш” ҳаракати, балки мамлакатимизнинг Ташқи ишлар вазирлиги ҳам муносиб жавоб берадиган пайт келди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация