Maqola

1 014 04/04/2022

Ўзбекистон аҳолисининг, айниқса чекка вилоят ва қишлоқларда истиқомат қилувчи аҳолининг катта қисми фақатгина чет элда яхши даромад топиш мумкин деб ўйлайди.

Ҳатто баъзи ҳудудларда Россияда ишлаш обрўга айланган. Шу сабабдан эндигина вояга етган, мустақил шахсга айланган навқирон йигитлар ўқишни эмас, Россияга бориб мўмай пул ишлашни, тезлик билан уй кўтариб, машина олишни, қисқа қилиб айтганда «Россия кўчаларида ётган пулларни супуриб келиб», фароғатда яшашни танлайди. Бориб кўргач эса фикри ўзгаради, ё қайтади, ёки оиласини таъминлаш мақсадида қийинчиликларга чидаб ишлайди ва фарзанди шу кунни кўрмаслиги учун унинг таълимига инвестиция киритади.

Навбатдаги суҳбат Kun.uz мухбири ва ўз юртида уй-жой қилиш, фарзанд ўқитиш мақсадида ўзга юртга бориб ишлаб, бирмунча қийинчиликларни бошдан кечирган юртдошимиз, наманганлик Ортиқали ака билан ўтказилган.

«Икка фарзандим ҳам «контракт»да ўқийди»

1977 йилда туғилганман, Наманган вилояти Поп туманида яшайман. Икки нафар фарзандим бор, иккиси ҳам талаба. Қизим Тиббиёт институтида, ўғлим эса Техника университетида шартнома асосида ўқийди. Россияга 2012 йил баҳор ойларида келиб, мавсумий ишлаб кетганман. 2013 йил яна келдим. Биринчи келганимда уста, кейинги сафар кўча тозаловчи бўлиб ишлаганман. Домодедово районидаги савдо марказида тахминан 7 ойча ишладим ва яна юртимга қайтдим.

2014 йил келиб ишлаб кетганман, 2015 йил соғлигим ёмонлашгани сабабли келолмадим. Ўшандан буён ҳар йили Россияга келаман. Мана шу охирги 3 йиллик Россияда энг узоқ муддат юрган пайтим бўлди. Фарзандларим ўқиши ва уй қураётганим сабаб узоқ муддат туришга мажбур бўлиб қолдим. Бошида кўп қийинчиликлар бўлган. Умуман тил билмасдим. Шу сабаб яхши жойларга ишга кира олмадим ва оддий шу кўча тозаловчилик касбини ўзимга раво кўрганман. Худога шукур, ҳозирги пайтда жуда равон бўлмаса-да, ҳар ҳолда рус тилида мулоқот қиламан, тушунтира оламан.

«Нима дейишса ҳам «хорошо» деб жавоб бераман»

2019 йил 18 июндан бери шу ерда – Подольск шаҳридаги бизнес марказида хўжалик ишларида ишлайман. Ишим ўртача оғир, иш вақтим 10 соатлик бўлгани билан иш ҳажми кўп, шу ишни қилмасам, аниқ даромад чиқмайди. Мендан бошқа ҳеч ким йўқ, ҳамма ёқни ўзим тоза сақлайман. Раҳбарларим арманилар, улар билан жуда аҳилмиз, ҳурматимни жойига қўйишади. Ҳар доим нима дейишсаям ўзларининг гапиришларига ўхшаган оҳангда «хорошо» деб жавоб қиламан. Бирга ҳазил-ҳузул қилиб ишлаймиз. Булардан фақат ибодат учун шароит сўраганман, қилиб беришган. Ўзимиз кам есак ҳам, кам кийсак ҳам болаларни одам қилайлик, ўқитайлик, уй қилайлик деб ватандан узоқда юрибмиз.

«Ишдан сўнг чиқитга чиққан картонларни тераман, … буям ҳафтасига ўртача 1,5–2 минг рубллик даромад»

Бошида 45 минг маошга келишгандик. Бундан олдин бироз муддат кимёвий тозалашда ишлаганман. 80–90 минг рубль ойлик олардим. У ерда заҳарли моддалар бўлгани сабаб қўшимча ҳақ тўлашар эди. Бироқ буни соғлигим кўтармаган ва ҳозирги иш жойимга келганман. Бу ерда оз муддат ишладим-да, штат қисқариши бўлиб, ишдан бўшатилдим.

Кейин маълум муддат карантин бўлиб қолди. Карантин вақтида 30 минг рубль ойликка бир базада ишладим, «котёл»га кечаси-ю кундузи ўт қалайман, ўтин қиламан. Кейинчалик эса 2019 йил ёз фаслида бу ерга чақириб, 45 минг рубль ойлик ваъда қилишди. Аллоҳга шукур, мана, ишлаб келяпман, маошимни ҳам 50 минг қилиб беришди. Якшанба – дам олиш куни.

Бундан ташқари, ишдан сўнг чиқитга чиққан картонларни тераман, уларни тахлаб сотаман. Буям ҳафтасига ўртача 1,5–2 минг рубллик даромад, эҳтиёжларимга ёки болаларимга қўшимча пул етказиб туришим учун етади. Ҳозирги кунда 55 минг рубль маош оламан. Бу маошдан патент, ижара, йўл харажатларига ажратамиз. Ҳозирги вазиятда қийналаётган мигрантлар жуда кўп. Иш ўринлари қисқаряпти, кимдир иш топа олмайди, яна кимдир харажатларга пул етказа олмай сарсон. Чунки озиқ-овқат нархлари ҳам ошиб кетди. Уч ойга бир марта рўйхатдан ўтиш 5000 рубль бўлди, илгари 3000 эди.

«Маҳалламизда 3100 нафар аҳоли бўладиган бўлса, шундан 174 нафари Россияда».

Янги уй бошлаганман, келин тушириш ниятим бор, қизим ўқишни битирса, турмушга беришим керак. Ишлаган ойлигим ҳозирда контракт тўловларидан ортмаяпти, яна хўжалик боқувчисиман, учма-уч бўлиб турибди. Ўзбекистонга юборган пулларимни Россияда уй қуришга сарфлаганимда 2 та уй қурган бўлардим. Сабаби Ўзбекистонда қурилиш материаллари жуда қиммат. Солиштириб бу ердагиларга айтиб берсам ҳайрон бўлишади.

Бу ерда қариндошларим жуда кўп. Маҳалламиздан 3100 нафар аҳолидан 174 нафари Россияда. Хола-тоғаларимнинг ўғиллари барчаси шу ерда тирикчилик деб юришибди. Ҳаттоки, 60 ёшга кирган тоғам ҳам контрактдаги ўғлини ўқитиш мақсадида тўрт йилдан буён молхонада ишлайди. Унинг иши меникидан ўн баробар оғирроқ. Фарзанди учун, унинг келажаги учун юрибди.

«5 нафар ҳамқишлоғим ватанга тобутда қайтди».

Бу ерда юртдошларимга қўлимдан келганча ёрдам бераман. Турар жой, озиқ-овқат, баъзан иш топиш масаласида ҳам қарашиб юбораман. Имкон бўлса ҳаммамиз қайтардик. Тинчлик бўлсин, мана бу можаролар тезроқ тугасин. Ўзбекистонга ҳали қайтиш ниятим йўқ, чунки болаларим ўқийди, уларнинг контракти ва ўқиш харажатлари учун пул керак. Қолаверса, уйимни битиришим керак. Вақтинчалик таътилга бориб келишим мумкин. 2020 йил 10 октябрдан 2021 йил 24 октябргача 5 нафар ҳамқишлоғим ватанга тобутда қайтди. Шундай воқеаларнинг гувоҳи бўлиб, уйимга ўз оёқларим билан кириб боришни сўраб дуо қиламан.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya