«Гап қайси тоифадаги фуқаролар ҳақида бормоқда? Агар сохта никоҳдан ўтаётганлар юқори малакали мутахассислар бўлишса, балки фуқароликка эга бўлиш қоидаларини янгилаш керакдир», – деди Россия Давлат Думасининг миллатлар иши бўйича раҳбарининг биринчи муовини Михаил Старшинов.
Россияда маҳаллий фуқаролари орасида мигрантлар билан сохта никоҳдан ўтиш ҳолатлари кескин равишда ортганлиги қайд этилди, деб хабар қилмоқда Россия Бош прокуратураси ахборот хизмати.
«2016 йилнинг биринчи кварталида мигрантларнинг Россия ҳудудида яшашини легаллаштириш мақсадида вужудга келаётган сохта никоҳлар сони кескин ортгани кузатилди», дейилади хабар матнида.
Прокуратура томонидан берилган маълумот Россия Давлат Думаси томонидан ҳам тасдиқланди. Депутатлар юқори малакага эга мутахассисларга қонун томонидан енгилликлар белгилаш кераклиги ҳақида айтиб ўтдилар.
«Биз учун амалга оширилаётган ҳийла-найранглар сони кўрсаткичи эмас, балки, сохта никоҳдан қайси тоифадаги фуқаролар фойдаланаётганини билиш жуда муҳим. Агар гап юқори малакали мутахассислар, ёхуд давлат учун керакли бошқа тоифадаги фуқаролар ҳақида бораётган бўлса, у ҳолда фуқароликни тақдим этиш қоидаларини янгилаш ҳақида ўйлаб кўриш керак. Акс ҳолда, бу жараённинг мураккаблиги туфайли, биз гўёки туппа-тузук одамларни жиноятга ундаётгандек бўляпмиз…» — деб иқтибос келтиради «Известия» нашри Михаил Старшиновнинг сўзларидан.
2016 йил 5 апрел ҳолатига кўра, Россия ҳудудида 1,7 миллион ўзбекистонликлар, 878,5 минг тожикистонликлар, 588,8 минг нафар Қозоғистон фуқаролари, 574 минг қирғизистонликлар ва 24 минг нафар Туркманистон фуқаролари яшаши қайд этилган.
Манба: Sputnik Ўзбекистон: http://sputniknews-uz.com/