Бозор иштирокчилари битимлар сонининг камайишини нархларнинг рекорд даражада ошиши ва йилнинг иккинчи ярмидаги қисман ҳарбий сафарбарлик билан боғламоқдалар.
2022 йилнинг ўн ойи давомида Москва Марказий маъмурий округида элита янги қурилишларини сотиб олиш бўйича 557 та шартнома тузилди. Бу ўтган йилнинг январь-октябрь ойларига нисбатан 46 фоизга кам (1023 та шартнома тузилган). Мазкур кўрсаткичлар Intermark Real Estate элита кўчмас мулк агентлиги тадқиқотларига асосан келтирилган.
Компанияда кўчмас мулк савдосида салбий динамикасини мамлакатдаги умумий беқарор вазият билан изоҳлашди.
Октябрь ойида Марказий маъмурий округдаги бирламчи уй-жой бозоридаги элита хонадон квадрат метрининг ўртача нархи рекорд дараждаги 1,72 миллион рублгача кўтарилди, дейди таҳлилчилар.
Intermark Real Estate агентлиги ҳисоб-китобларига кўра шартномалар суммаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20% га ошди.Таклиф нархлари худди шу давр учун 34%га кўтарилди. Харидорлар нархларнинг бундай ўсишига тайёр эмаслар, деб таъкидлашди агентликдагилар. Шунинг учун талабларнинг асосий қисми иккиламчи бозорга қаратилмоқда.
Кўчмас мулк агентлиги маълумотларига кўра 2022 йил январь ойидан октябрь ойигача Москва марказидаги янги элита уй-жойлари бўйича тузилган шартномаларнинг умумий қиймати 77 млрд рублни ташкил этди. Нархларнинг ўсишига қарамай, бу кўрсаткич 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 24%га кам.
“Кўчмас мулк бозорига мамлакатдаги ўзгаришлар жуда тез таъсир қилади. Агар иш мавсуми бошида савдо жонланишини кузатган бўлсак, сентябрь ойи охирида эълон қилинган сафарбарлик унга салбий таъсир кўрсатди.
Кўпчилик мамлакатда вазият барқарорлашгунигача ва режалар ойдинлашгунига қадар кутиб туришга қарор қилди”, – деб изоҳ беради Intermark Real Estate агентлиги бошқарувчи ҳамкори Дмитрий Халин. Компания бу харидорларнинг вазият барқарорлашганидан сўнг бозорга қайтишларига умид боғлаяпти.
NF GROUP консалтинг компанияси таҳлилчилари аввалроқ, учинчи чоракда Москвадаги бирламчи элита уй-жой бозорида 200 та шартнома тузилгани ҳақида хабар берган эди. Тадқиқотга кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34% кам, деб маълумот беради “РБК.ру”.