Мақола

3 280 08/04/2023

У икки маҳаллий номзодни ортда қолдирди.

Германиянинг Баден-Вюртемберг еридаги Остельсхайм шаҳрида суриялик қочқин Райан Альшебль мэр этиб сайланди. DPA агентлиги маълумотига кўра, Альшебль катта эҳтимол билан Германия жануби-ғарбидаги келиб чиқишига кўра суриялик бўлган илк мэрга айланди.

DPA нашри ёзишича, 29 ёшли Альшебль ўзи туғилган Ас-Сувайда шаҳрини 2015 йилда тарк этганди, ўша вақтда у армияга чақирув ёшига етганди. Аввалига у Ливан орқали Туркияга қочиб ўтади. Кейин бошқа мигрантлар билан биргаликда Грециянинг Лесбос оролига етиб олади.

Германияга келгач, Альшебль Кальв шаҳридан қўним топади, бу ерда бир ярим йил давомида турли квартираларда яшайди ва немис тилини ўрганади. Кейин эса Альтенгштетт шаҳрига йўл олади. Бу ерда Альшебль маҳаллий маъмуриятда стажировка ўтайди ва мэрияга ишга кириб, бу ерда кейинги етти йил давомида ишлайди.

2023 йилга келиб Альшебль қўшни Остельсхайм шаҳри мэрлиги учун номзодини қўяди, овоз бериш якунларига кўра у икки нафар маҳаллий номзод Марко Штраус ва Матиас Фейни ортда қолдиради. DPA маълумотига кўра, Альшебль сайловда 55,41 фоиз овоз жамғарган ҳолда ғолиб чиққан.

Янги мэр ўз сайловолди кампаниясида шаҳар инфратузилмаси, шаҳар маркази, болалар боғчаси ва кекса ёшлиларни парваришлаш дастурини ривожлантиришга эътибор қаратишни ваъда қилган. Бундан ташқари, Альшебль атроф-муҳит муҳофазасига урғу беради ва хусусий уйларда қуёш панеллари ўрнатиш дастурини кенгайтирмоқчи.

Альшеблни Остельсхайм аҳолисининг кўпчилик қисми, шу жумладан аввалги мэр Юрген Фукс ҳам қўллаб-қувватлаганига қарамай, барибир унга кескин қарши чиқувчилар ҳам топилди. DPA нашрига кўра, Альшеблнинг мухолифлари биринчи навбатда унинг келиб чиқишига эътироз қилишади. Альшебль эса бундай муносабатни тушунмайди ва асли суриялик экани сайловчилар учун қандайдир аҳамиятга эга бўлиши керак эмас, деб ҳисоблайди. У Германияга келганига анча вақт бўлгани ва маҳаллий жамиятга мослашиб, фуқаролик олганини эслатади.

DPA нашри ёзишича, Альшебль июнь ойида мэрлик лавозимига расман киришади. Бу вақтгача Альтенгштедт ратушасидаги ишларини якунлаб, Остельсхаймда квартира қидирмоқчи. «Бу сайловлар, катта эҳтимол билан менинг ҳаётимда муҳим палла бўлади», — дея қўшимча қилади Альшебль.

  • 2011 йилда Сурияда фуқаролик уруши бошланган, унинг натижасида юз минглаб сурияликлар яхши ҳаёт излаб Европага йўл олган. Бу эса ўз навбатида 2015–2017 йилларда миграция инқирозини юзага келтирган. Мисол учун, 2015 йилда Евроиттифоқ ҳудудида бошпана учун мурожаат қилувчилар сони икки баробар кўпайиб — 1,3 миллион кишига етган. Шунингдек, Европа давлатлари чегараларини ноқонуний кесиб ўтувчилар сони кўп марта ошган. Германия ҳукумати 2015 йилдан 2016 йилга қадар бошпана тақдим этиш бўйича 1,2 миллион сўровни рўйхатдан ўтказган.
  • Манба: Кун.уз.
Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация