Ички ва ташқи миграция Россиядаги ишсизлик даражасига амалда таъсир қилмайди. Аксинча, иқтисодиёт соҳалари ўсиши ва кенгайишига олиб келади.
Россия Марказий банкининг Узоқ Шарқ бўлинмалари иқтисодчилари Мария Кудаева ва Иван Редозубов ўз тадқиқотлари натижасида шундай хулосага келган. Улар илмий ишларида мигрантларнинг мамлакатда бўлиши ишсизлик даражасини кескинлаштиради, деган тасаввурни чиппакка чиқарди.
Тадқиқотчилар мигрантларни кўп қабул қиладиган 12 та ҳудудда ҳамда мигрантларни етказиб берувчи минтақада ўрганишлар олиб борган. Натижада, миграциянинг на Россия, на унинг ҳудудларидаги ишсизликка таъсири аниқланмаган.
Россия иқтисодиёт мактаби проректори Максим Буев фикрича, «Мигрантлар маҳаллий аҳоли иш ўринларини эгаллаб олиши ҳақидаги афсона, иш ҳажмининг ўзгармаслиги ҳақидаги нотўғри тасаввур билан боғлиқ».
«Кўпчиликнинг фикрича, мигрантлар ишсизликни келтириб чиқаради, чунки иш ўринлари аниқ. Аслида, бу ҳар доим ҳам тўғри эмас. Миграция янги иш ўринлари яратиши орқали иқтисодиёт қамровини кенгайтириши мумкин. Мигрантлар қайси соҳаларда ишламоқда? Хизмат кўрсатиш, меҳмонхоналар ва қурилиш соҳасида. Бунда қурилиш соҳаси устунлик позициясига эга. Шунинг учун мигрант оқимининг илк зарбасини маҳаллий қурувчилар ўзида ҳис қилади. Уларнинг фикрича, энди маош миқдори пасайиши мумкин, чунки арзон иш кучи етиб келди. Ҳақиқатдан ҳам, мигрантларнинг илк таъсири салбий бўлиши мумкин: яъни иш ҳақи пасаяди. Лекин, умуман олганда, иқтисодиёт кенгаяётгани учун иш ҳақи ҳам ўса бошлайди. Иқтисодиётнинг ўсиши мигрантлар келиши орқали намоён бўлган илк салбий таъсирни йўққа чиқаради. Натижада, нафақат мамлакатнинг бутун аҳолиси, балки иқтисодиётнинг илк зарбани қабул қилиб олган соҳаси ҳам ютади», – деган фикрни билдирган иқтисодчи Буев.