Мақола

387 23/10/2023

Россия рус тилини тарғиб қилиш ва оммалаштиришга катта эътибор қаратмоқда. Россия президенти Владимир Путин хорижда рус тилини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилиш концепсиясини тасдиқлади. Ҳужжатда, “замонавий шароитда чет элда тилга бўлган талаб ва кенг тарқалганлик давлат нуфузи ва унинг жаҳондаги таъсирининг энг муҳим кўрсаткичидир”, дейилади.

Рус тилида таълим берувчи мактаблар бошқа давлатлар, хусусан, Марказий Осиё давлатларига зўр бериб тиқиштирилмоқда. Ҳатто Тожикистон, Қирғизистон каби “қўли калта” давлатларга Россия ҳисобидан мактаб қуриб бериш ҳам ваъда қилинган.

Марказий Осиёда нечта рус мактаби бор?

Россотрудничество маълумотларига кўра, Қозоғистонда 3606 та, Ўзбекистонда 1 мингдан ортиқ мактаб, Қирғизистонда 751, Тожикистонда 200 дан ортиқ, Туркманистонда 71 та мактабда рус тилида таълим берилади.

2022 йил 1 сентябр куни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон видеоконференсалоқа орқали Тожикистоннинг Душанбе, Хўжанд, Бохтар, Кўлоб ва Турсунзода шаҳарларида рус тилида таълим берадиган бешта умумтаълим мактабининг очилиш маросимида иштирок этишди.

Қирғизистонда рус тилида ўқитиладиган 9 та умумтаълим мактаби очилади, деди Россия бош вазири Михаил Мишустин. Қирғизистон ҳукумати раҳбари Оқилбек Жапаров билан учрашув чоғида у бу ташаббус республикада рус тилида таълимни ривожлантиришга ёрдам беришини айтди.

Жорий йилнинг 18 сентябрида Россия Ўзбекистонда Россия дастурларига кўра, таълим рус тилида олиб бориладиган бир нечта мактаб қуришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия йиғилишида Россия бош вазири Михаил Мишустин маълум қилган эди.

Унинг фикрича, Ўзбекистонда рус мактабларининг қурилиши ўқувчиларнинг Россия маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишишларига сабаб бўлар экан. Мишустин агар Ўзбекистон томони манфаатдор бўлса, Россия бундай аризани кўриб чиқишини қўшимча қилди.

Қандай ажойиб ниятлар, қандай ҳам ажойиб орзулар…

Россияда бир неча миллион ўзбекистонлик муҳожир бор. Уларнинг қанчадир фоизи у ерда оиласи билан яшайди. Улар ҳам фарзандларининг ўз она тилини унутмаслиги, маънавиятидан воз кечмаслигини истайди. Шу ниятда Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун Россияда хусусий боғча ва мактаблар очишга ёрдам беришни сўраган эди. У, муассасалар ватандошлар ҳисобидан қурилиши ва Россия таълим дастури асосида ишлаши кераклигини айтган.

Бироқ охирги кунларда тарқалган Давлат думаси депутати Михаил Делягин «бу ташаббус ноқонуний» деб таъкидлаган.

Унинг иддаосича, мигрант болалар учун мактаблар очиш Россия Федерацияси фуқароларига нисбатан камситиш экан.

Депутат буни «Россияни емириш ва йўқ қилиш учун аввал бегона, кейин душман анклавларни яратишга қаратилган онгли сиёсат» деб атаган.

Демак, Марказий Осиёдаги рус мактаблари ҳам “душман анклавлари” экан-да!

«Менимча, Ўзбекистон, албатта, болалар боғчалари ва мактабларни қуриши керак, лекин фақат ўз ҳудудида. Ва Россияга сиқиб чиқарган фуқароларини ватанига қайтариб олиб кетиш керак…», — дейди депутат.

Миллатчи депутатга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Миллий Тикланиш партияси раҳбари Алишер Қодиров жавоб бериб:

«Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат Делягинча бўлса, Ўзбекистонда рус тилига муносабат мутаносиб бўлиши керак», дея таъкидлади.

«Россия мактабларида ўзбек тилини ўргатиш рус миллатини камситиш ҳисобланадию, Ўзбекистон мактабларида рус тилида таълим берилаётгани ўзбекларни камситиш ҳисобланмайдими?» — деб свол берган Алишер Қодиров.

Делягиннинг чиқишидан нимани тушуниш ва кутиш мумкин? Россия ҳукумати дипломатик этика қоидаларига кўра айтолмайдиган гапларни шу каби депутатларининг чиқиши орқали билдиришга ҳаракат қилади. Илгари бу вазифани Жириновский бажарарди. Ҳозир унинг аниқ бир “меросхўри” қолмай, гоҳ у, гоҳида бу арбоб “мегафон” ролини уддалаб турибди. Шундай экан, мигрант болалар учун мактаблар қуришни тушингизда кўрасиз, ҳурматли муҳожирлар! Россия эса Марказий Осиёда мактабларини қураверади, ўз идеологиясини тарғиб қилувчи ўқитувчиларини ҳам жўнатаверади.

Ёқуб Умар

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация