Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Афзал Эрматов ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди. У Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг сўнгги 5 йилдаги еттинчи раҳбари. Агентлик ҳамон коррупциялашган ташкилот ҳисобланади.
Кун.уз мухбирининг хабар беришича, мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан иш қўзғатилган. Юқоридаги маълумотни агентлик матбуот хизмати ҳам тасдиқлади.
2010-2013 йилларда агентлик раҳбари лавозимида ишлаб, 2022 йил мартида бу лавозимга қайтган Афзал Эрматов 2018 йилда ҳибсга олинган эди. Афзал Эрматов – Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг сўнгги 5 йилдаги еттинчи раҳбари.
Ҳар йили минглаб ўзбекистонликлар Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларга ишлаш учун боради. Маҳаллий экспертларнинг айтишича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги назорати остидаги жараён жуда коррупциялашган.
Кореяга ишга юбориш учун пора олган жисмоний шахслар ва иш билан таъминлаш бўйича мутасаддиларга нисбатан ўнлаб жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабарлар бор.
Тўрт йил аввал агентликнинг ўша пайтдаги раҳбарлари узоқ муддатга қамалган эди. Улар 2018 йилнинг ноябрида йирик миқдорда пора олганликда айбланиб ҳибсга олинган, шундан сўнг улар 12 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.
Айрим манбаларнинг хабар беришича, 20 га яқин агентлик ходими Жанубий Кореяга ишлаш учун кетаётган одамлардан жами 20 миллион доллар пора олганликда гумон қилинмоқда. Бош прокуратура бир неча кундан кейин бу хабарни тасдиқлади.
Агентлик орқали Жанубий Кореяга ишлаш учун бориш квотаси 5000 кишини, Кореяга бориш учун ариза берувчилар сони эса йилига 100000 дан ортиқ кишини ташкил этади. Бу ҳақда “Кун.уз” ёзди.