“Биз инқироздамиз! Биз вазиятни ўзгартиришимиз керак. Оддийгина, қуруқ гап билан ҳеч нарса бўлмайди. Кескин, балки оммага маъқул келмаган чоралар керак”, деди Татаристон президенти Рустам Минниханов Қозон Кремлида бўлиб ўтган Хавфсизлик Кенгашининг навбатдаги йиғилишида. Маълум бўлишича, бу йиғилишда республикадаги кадрлар тақчиллиги билан боғлиқ ҳалокатли масалалар муҳокама қилинган.
Ишчи кучи етишмаслиги масаласини ечими борасида турли таклифлар янграр экан, Татаристон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Татаристон Республикаси саноат ва савдо вазири Алберт Каримов яна бир чора сифатида қўшни вилоятлардан ишчи кучи ва бошқа давлатлардан (масалан, Ўзбекистон ва Қирғизистондан) меҳнат муҳожирларини фаолроқ жалб қилиш, уларни Татаристон Республикасида ишлатиш учун олдиндан тайёрлаш, шунингдек, ишчи касбининг нуфузини оширишни таклиф қилди. Бу таклиф Татаристон Президенти Рустам Миннихановга маъқул келди. Вазирига қўшимча қилиб, яшаш шароити пастроқ бўлган кўплаб қўшни регионлардан ишчиларни фаол равишда жалб қилиш кераклигини таъкидлаб ўтди.
Йиғилишда аввалроқ, меҳнат учун тўланадиган иш ҳаққини ҳам ошириш ҳақидаги таклифлар берилганди. Жаноб Миниханов бу таклифга эътироз билдирмаган бўлсада, лекин ишчи кучи энг долзарб масала бўлиб турганлигига алоҳида урғу бериб ўтди.
Татаристон Республикаси Россия федерацияси регионлари орасида ўзига хос иқтисодий бой ҳудудлардан ҳисобланиб, айниқса рус тилини ўзлаштирмаган Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари орасида Россияда ишлагани келаётганлар учун қулай минтақа бўлса ажаб эмас.
Кремли бўлган Москвадан фарқли ўлароқ, Қозонда ҳам Кремль бор. Қолаверса, у ерда пул ва албатта мигрантлар учун яхши маошли иш ҳам бор. Ҳар ҳолда Татаристон мигрантларга бўлган эҳтиёжни расман тан олганлиги таҳсинга сазовор.