Мақола

3 134 16/06/2023

Урушда юзга яқин марказий осиёлик муҳожир ҳалок бўлган.

Марказий Осиёдан меҳнат муҳожирлари оиласини боқиш, ўз уйи учун пул ишлаб, ватанига қайтиш учун Россияга боради. Россияда улар кўпинча маҳаллий аҳоли истамаган, оғир ва кам ҳақ тўланадиган ишларни бажаради. Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан сўнг, Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари ҳам урушга жалб этила бошланди: улар вайрон қилинган шаҳарларни тиклаш ва аскарлар учун хандақлар қазиш учун юборилган. Бироқ урушга аскар сифатида борган қирғиз, ўзбек ва тожиклар ҳам анчагина. Уларнинг аксарияти собиқ маҳбуслар. Улар кўпинча Россия қамоқхоналаридан “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига ёлланган. Украинада уларнинг кўпчилиги ҳалок бўлади, қариндошлари эса ҳеч бўлмаганда жасадни ўз ватанига қайтариш учун бир неча ой давомида ҳаракат қилишга мажбур.

Қирғиз ҳуқуқшуноси Мирлан Ақилбеков шундай дейди:

“Аввалига улар вақтидан олдин озодликка чиқишингиз мумкин, амнистия бўлади, деган ваъдалар билан ёлламоқчи бўлишади.  Илгари биз билан маслаҳатлашишарди. Бир  мижозимиз кўчадан кредит карта топиб олган ва у билан озиқ-овқат харид қилган. Шу айби учун 4 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ўша мижознинг айтишича, қамоқда марказий осиёликлар: ўзбек, қирғиз ва тожикларни алоҳида ажратишган. Уларга “сизлар бу ерда текинга овқат еяпсиз, бунинг ҳақини урушга бориш билан тўлашингиз шарт. Қайтганингиздан сўнг, амнистия қиламиз, озод бўласиз”, дейишган.

У Россия колонияларида жазо ўтаётган марказий осиёлик фуқароларини ёллашга уриниб, маҳбуслар сув ва озиқ-овқатдан маҳрум қилингани, қаттиқ шароитли казармага ўтказилганлигини хабар қилган.

Россия томонида Украинадаги урушда жами камида 93 нафар  (Қирғизистондан 19, Ўзбекистондан 34 ва Тожикистондан 40) Марказий Осиё давлатларининг фуқароси ҳалок бўлган. Баъзида қурбонларнинг оилалари жасадларини Россиядан ватанига олиб кетишга муваффақ бўлишади. Аммо аксарият ҳолларда уларнинг сўнгги манзили Россиянинг бир неча жойларида ташкил этилган “Вагнер” қабристонида бўлади.

Жорий йилнинг 30 январь куни Россия томонидан Украинада бўлаётган қуролли тўқнашувга юборилган ва у ерда ҳалок бўлган элликқалъалик 43 ёшли Ф.Х  жасади, Ўзбекистонга олиб келинган эди.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, чет эл давлатлари ҳарбий хизматига ёлланиш қонунан таъқиқланади ва  Ўзбекистон Республикаси  Жиноят кодексининг 154-моддасига кўра жавобгарликка тортилади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация