Мақола

447 24/01/2023

Пойтахт, вилоят ва туманлардаги исталган темирйўл вокзалларига борманг, ҳаммаси худди чегарадек ўраб олинганининг гувоҳи бўласиз. Яқин йилларда айрим ҳокимлик, прокуратура, ҳатто вазирликлар бинолари олдидаги панжаралар олиб ташланди. Лекин ислоҳотлар негадир вокзал тўсиқларидан ичкарига “ўта олмаяпти”. Kun.uz вокзаллардаги темир тўсиқлар, ичкарига киришдаги ортиқча талаблар, бу борадаги қийинчилик ва мантиқсизликларга эътибор қаратди.

Тошкент аэропортида меҳмонларини кутиб олувчилар айни совуқ кунларда ҳам ташқарида қолаётгани ҳақида тайёрлаган репортажимиздан сўнг аэропорт маъмурияти муаммога эътибор қаратиб, терминал ҳудудида кутиб олувчилар учун махсус жойлар ташкил этишга киришди.

 

Кузатувчиларимизнинг бундай муаммо вокзалларда ҳам борлиги, Ўзбекистон темирйўллари тизимидаги камчиликлар ҳақидаги фикрларидан келиб чиқиб, шу мавзуга ҳам қўл уришга қарор қилдик.

Пойтахт, вилоят ва туманлардаги исталган темирйўл вокзалларига борманг, ҳаммаси худди чегарадек ташқи дунёдан икки тарафга бўлиб қўйилган. Ҳаммаёқ панжара, панжара, панжара! Марказий темирйўл вокзаллари биноларига кириб олиш ҳам бир ташвиш: иккита нуқтада текширувлардан ўтасиз. Шунда ҳам қўлингизда ҳеч бўлмаганда шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат бўлиши шарт. Акс ҳолда, ҳар қандай зарурат бўлмасин, одамлар учун хизмат қилиши керак бўлган маскан остонасидан кира олмай, ортга қайтасиз.

Тошкентнинг жанубий ва шимолий вокзалларидаги текширув пунктларида юк сақлаш бўлимига кириш учун қилган ҳаракатларимиз зое кетди. Паспортингиз ёнингизда бўлган тақдирда ҳам, агар қайтиш чиптангиз бўлмаса, юкларингизни ичкарида қолдира олмас экансиз. Яъни сиз бошқа шаҳарга қачон кетишингиз ҳақида ҳали аниқ бир қарорга келмагансиз. Яқин кунларда поезд орқали қайтишингиз аниқ. Лекин қўлингиздаги оғир юк билан шаҳарда юролмайсиз. Дунё тажрибасидан келиб чиқсак, бундай шароитда сиз юкларингизни темирйўл вокзалларининг юк сақлаш бўлимларида маълум тўлов эвазига қолдиришингиз мумкин. Бизда эса чиптангиз ҳам нақд бўлиши шарт!

Ҳа, майли. Мавзудан чалғимаймиз. Шу ўринда кўпчилик учун қизиқ бўлган саволларни ўртага қўймоқчимиз:

  1. Вокзалларга панжаралар ўзи нима мақсадда ўрнатилади?
  2. Панжарали вокзаллар билан нимага эришамиз-у, уларсиз нима йўқотамиз?
  3. Нега вокзалларга киришда йўловчилар 2 марта текширув чиғириғидан ўтказилади?
  4. Бошқа шаҳарга ҳали қачон кетиши номаълум, аммо қўл юки оғир йўловчилар нега юк сақлаш хизматидан фойдаланиш учун ҳам чипта олган бўлиши керак? Мантиқ борми шу тартибда?
  5. Гап хавфсизлик масаласида бўлса: ҳужжатли, лекин хавфли, ҳужжатсиз, аммо хавфсиз шахс бўлиши ҳам мумкин эмасми?
  6. Бутун дунёда темирйўллар хизмати мижозлар учун қулай, осон хизматлар таклиф қилаётган бир пайтда шунча эскича ва ортиқча текширувлар ўзи нега керак?

Кутиб олувчи ёки кузатувчи бўлсангиз ҳам кутиш залига кириш учун қўлингизда шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингиз бўлиши керак. Бўлмаса, ичкарига киришга рухсат йўқ.

Унчаликмасдир, бошқа давлатларда ҳам бу таомил бордир” деган эҳтимолни ҳам инобатга олиб, дунёнинг энг олди, тараққий этган давлатлари эмас, қўшни давлатларимизнинг темирйўл вокзалларидаги ҳолатлар билан қизиқиб кўрдик.

Тожикистон, Душанбе темирйўл вокзали

Тожикистон, Душанбе темирйўл вокзали

Қирғизистон, Бишкек темирйўл вокзали

Қирғизистон, Бишкек темирйўл вокзали

Туркманистон, Ашхобод темирйўл вокзали

Туркманистон, Ашхобод темирйўл вокзали

Қозоғистон, Остона темирйўл вокзали

Қозоғистон, Остона темирйўл вокзали

Қозоғистон, Олма-ота 1-темирйўл вокзали

Қозоғистон, Олма-ота 1-темирйўл вокзали

Қозоғистон, Олма-ота 2-темирйўл вокзали

Қозоғистон, Олма-ота 2-темирйўл вокзали

Қозоғистон, Чимкент темирйўл вокзали

Қозоғистон, Чимкент темирйўл вокзали

Исталган давлатнинг темирйўл вокзалини кўришингиз мумкинки, бирортаси панжара билан тўсилмаган. Қайтанга йўловчилар кириб-чиқиши, автомобиллар тўхташи учун кенг майдонлар ташкил қилинган.

Бизнинг темирйўл вокзалларимизда эса хизмат кўрсатиш даражаси жуда паст. Вокзал ичида саноқлигина озиқ-овқат дўконлари, овқатланиш масканлари бор. Нархлари каррасига қиммат. Вокзаллар олдидаги кенг майдонларни тўсиқлар билан шунчаки ўраб олгандан кўра, аҳоли, темирйўл хизматидан фойдаланувчилар, йўловчилар эҳтиёжларини қондирадиган, уларнинг қулайлиги учун хизмат қиладиган, энг муҳими, кўпроқ ва ҳамёнбоп дўкон ва шохобчалар қурилса, фойдалироқ бўлармиди…

Ҳурматли, “Ўзбекистон темирйўллари” раҳбарияти! Фақат бизнинг Ўзбекистон вокзалларидагина учрайдиган тўсиқларни олиб ташлаш вақти аллақачон келган. Бу фақат бизнинг хоҳишимиз эмас. Бу ҳақли халқнинг иродаси, истаги ва талабидир. Сизлардан сифатли, қулай ва биздан ажратиб қўйилмаган хизматларни кутиб қоламиз.

Сардорбек Усмоний, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация