Мақола

504 26/12/2022

26 декабрь куни аэропорт биринчи рейсни қабул қилди. Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент-Термиз йўналиши бўйича HY-65 рейси бортида 146 нафар йўловчилар билан Термиз аэропортига маҳаллий вақт билан соат 08:15 да қўнди.

55 кунлик танаффусдан сўнг Термиз халқаро аэропорти самолётларни қабул қилиш ва жўнатиш учун яна очилди. Қайта қуриш доирасида узунлиги 3000 метр ва эни 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги, ҳаракатланиш йўлаклари ва учта самолёт тўхташ жойи учун перронни ўз ичига олган янги 4Е тоифали аэродром мажмуаси қурилди. Шунингдек, аэродромга замонавий CAT-I ICAO ёритиш ускуналари тизими, метеорологик ва радионавигация қўниш тизимлари ўрнатилди. Янги аэродром мажмуасини қуриш лойиҳаси 550 миллиард сўмга баҳоланмоқда. Айни пайтда 377 миллиард сўмлик ишлар бажарилган. Лойиҳанинг якуний босқичи – учта самолёт турар жойи ва иккинчи юриш йўлаги 2023 йилнинг апрелигача якунланиши режалаштирилмоқда.

Термиздаги янги аэродромнинг учиш-қўниш йўлаги бетондан қурилгани эътиборга молик. Бу Сурхондарё вилоятининг иссиқ иқлими шароитида энг яхши ечим – бетондан ясалган учиш-қўниш йўлаги мустаҳкамроқ ва чидамлироқдир. Бугунги кунга қадар фақат Навоий ва Термиз аэропортларида бетондан учиш-қўниш йўлаги қурилган.

Эслатиб ўтамиз, Термиз аэропорти янги аэродром мажмуасини фойдаланишга топширишга тайёргарлик кўрилаётгани муносабати билан 1 ноябрь куни ёпилган ва парвозлар вақтинча республиканинг бошқа халқаро аэропортларига йўналтириб келинган эди. Аэропорт терминали ҳам реконструкция қилиниб, 2019 йилда фойдаланишга топширилган, деб ёзади Uzbekistan Airways матбуот хизмати.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация