Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари ОАВларнинг сайъи ҳаракатлари билан душман қиёфасига эга бўлган бўлса ҳам улар оддий ҳаётда ўзларининг инсоний сифатлари билан бошқаларнинг, бегоналарнинг мусибатларига бефарқ эмаслиги, яхшилик қилишга ҳозирлиги ва ёрдам беришга доим шай туриши билан ажралиб турадилар. Бироқ «келгиндилар» тарафидан қилинаётган беҳисоб яхшиликлар одатда матбуотда ёритилиши форматига тушавермайди.
– Иван эсингдами? – деб сўради яқинда фаррошимиз бўлган бир тожик йигит.
У менга доим зиналардан болалар аравачасини, тўрваларни олиб чиқишда ёрдамлашиб туради. Фарзандларимнинг барчасининг исмларигача билади. Шунинг учун, у билан аллақачон яқин бўлиб кетганмиз.
– Иван… Иванми…
– Анавучи, нариги уйда ишлаган, қариндошим бор-ку, – деб тушунтириб кетди йигит.
Эсладим. Иван ҳам фаррош эди. Тўғри унинг асл исми Иван эмасди, рус тилида айтилиши қийин бўлгани учун ҳамма уни Иван деб чақирарди.
– У ҳалок бўлди, – деди танишим. – Уйланиш учун уйига кетган эди ва ҳалок бўлди. Бир қизга нотаниш одамлар шилқимлик қилишган. Қизни ҳимоя қилмоқчи бўлганида, унга пичоқ уришган…
…Иван… Аслида мен уни унчалик танимас эдим. Узоқдан билардим, халос. Ўзи ишини қилиб кўча супириб юрарди, ўзича… Мен ўнлаб тожик фаррошлар орасидан уни алоҳида ажратиб турадиган тарафини билмас эдим.
Бир воқеа содир бўлганича. Бу воқеа икки йил олдин бўлган эди…
Сартарошхонадан уйга келаётган эдим. Ўзимча энг гўзал хоним бўлиб – таралган соч, маникюр. Кайфият аъло. Биз аёлларга бундан ортиқ яна қандай бахт керак.
Ўз подъездимга яқинлашдим, кираверишда қандайдир нотаниш бир эркак ётибди. Маст, усти эса ифлос, сийиб қўйган ва қусуғи устида ётибди. Унинг олдида эса, бир икки одам уни уйсиз ва ҳеч кимсиз (бомж) бўлса керак, деган маънода гаплашиб туришибди.
Мен, бунга аҳамият бермай ёнидан ўтиб кетаверардим, аммо шу ерда турганларнинг биттаси бўлган қўшним: «Мана, Лена черковга боради, ва у айтади нима қилишим кераклигини. Лен қаравор, у тиркми, ўзи?» деди.
Тўхташга тўғри келди. «Черков шанини» шарманда қилмаслигим керак-ку, ахир. Бироқ, ростини айтсам, янги маникюрим билан ифлос ва қайт қилиб ётган эркак ҳолидан хабар олгим келмади. Менимча, шу ердаги бошқалар ҳам уни туртию кўришни истамас эди.
– Одам дегани шунчалик ҳам бўкиб ичадими? – деб жаҳл қилди қўшним.
– Чўчқа, чўчқалигини қиладида, – деб қўшимча қилди, шу ердан ўтиб бораётган бир аёл.
– Келинглар тез ёрдам чақирамиз, – деди яна биттаси.
– Қани чақирайлик, – дедим хурсандчилик билан ва подъездга қараб юра бошладим, уйга кириб кетмоқчи эдим.
Шу вақт фаррош «Иван» келиб қолди. Шу ердан ўтиб бораётган экан.
– Ҳозир мен қараб кўраман.
Ва ётган эркакни турта бошлади. У эса, тушунарлисиз бир нарсалар тўнғиллай бошлади.
– Тирик экан! – деб хурсанд бўлиб кетди фаррош. – Балки телефони бордир. Эй, телефонингиз борми?
– ЭЭЭ… телефонни нима қиласан, деб гумон оҳангида бир овоздан биз – кузатувчилар уни тергаб қўйдик.
– Балки, унинг қариндошлари бордир. Олиб кетар.
– Аааа, дедик чуқур маъно оҳангида. Ва ҳар эҳтимолга қарши шу ерда туравердик.
Шу вақт орасида Иван телефонини топди ва кимларгадир сим қоқа бошлади. Манзилини билиб олди, шу яқин орада экан. Сўнг, урушиб, сўкиниб ётган ҳалиги эркакни елкасига юклаб олди ва қаергадир кўтариб кетди.
– Эҳтиёт бўл, унинг кийимлари ифлос, нажаси сенга ҳам тегиб кетмасин, – деди «Тез ёрдам» чақирамизми деган одам. – Умуман олганда мард экансан!
– Ёрдам беринглар деб Аллоҳ айтган…
Шу ерда мен насронийликнинг ҳақлиги ҳақида даъват қилмоқчи бўлдиму, бироқ ўзимнинг янги маникюримга боқдим, сассий эркакка ёрдам бера олмаганим учун сукут қилдим.
Умуман айтганда ҳаммаси яхшилик билан тугади. Бўри ҳам тўқ, қўйлар ҳам бутун. Қўлимизни ҳам ифлослантирмадик ва яқинимиз қанчалик сассиқ ва ярамас бўлса ҳам уни ташлаб кетмадик…
Иван исмлик тожик йигити ташлаб кетмади. Бироқ биз ёнида турдик-ку…
Уйимга кириб кетдим. Бир икки кундан кейин ўша фаррош йигитни учтариб қолдим.
– Ҳаммаси жойидами? Анаву алкаш қалай?
– Яхши, бироқ у алкаш эмас. У умуман ичмас экан. Қандайдир олим экан. Хотини ўлган экан. Ўша куни дафн қилибди.
Хотини ҳақида Иванга ўша эркакнинг қизи айтиб берибди. Дадасини кўчада ташлаб кетмагани учун роса ташаккурлар айтибди.
Ҳалиги эркак ўзига келгач, Иванни топган, пул бериб: «Аслида мен сенларга ўхшаганларни хуш кўрмайман. Ҳаммаларингни келгинди деб ўйлардим. Бироқ раҳмат сенга», дебди.
Ва катта самимият ила қўлини чўзибди. Буларни эслаб иван роса хурсанд бўлди. Олим одам ўша инжилда айтилган яқинлардан бўлган фаррошнинг қўлини ҳар куни олавермаса керак…
– Мана… Иван ҳалок бўлди. Афсус, – деди фаррош дўстим. – Бир қизни ҳимоя қилмоқчи бўлганди.
– Ҳа, – деб ўйладим, – у яна ёнидан ўтиб кета олмабдида. Яхшилигини аямайдиган тожикларнинг мард йигити. Аллоҳ таоло буюриган бўлса керакда…
Ва қалбим қайғуга тўла бошлади…
Интернетдан Абу Муслим таржимаси.
Манба: www.yangidunyo.uz