«TONG JAHONI» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти 12 йилдирки мигрантларга полиция томонидан ноқонуний қўлга олиш, ойликларни тўламаслик, ноқонуний депортация, ҳужжатларни расмийлаштиришдан ноқонуний бош тортиш каби мигрантлар ҳуқуқларининг бузилишига оид ҳолатларда бепул ёрдам бериб келмоқда. Мигрантлар учун кўрсатилаётган барча хизматлар бепул.
“Ҳар йили бизга 40 дан зиёд давлатлардан 15 000 га яқин мигрантлар мурожаат қилади. Айни пайтда биз ЕИИ мамлакатларида ҳамкорликни кучайтириш орқали мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш” Каритас-Франс лойиҳасини амалга оширмоқдамиз. Эндиликда бизда битта эмас, балки бешта куну тун ишловчи ишонч рақамлари: +7 926 834 7602, +7 903 148 9636 – рус ва инглиз тилларида; +7 903 169 9161, +7 903 169 2920 – рус ва тожик тилларида; +7 903 799 0291 – рус ва ўзбек тилларида фаолият кўрсатмоқда. Қабул душанбадан жумагача 12:00 дан 20:00 гача Москва шаҳри, Казакова кўчаси, 8-уй, 2-бино, 5-қават, 8-кабинетда амалга оширилади.
Бундан ташқари, “Мигрант мактаби” бепул тренингларини ҳам ўтказамиз. Уларда чегараларни қандай қилиб хавфсиз кесиб ўтиш; сохта ҳужжатларни сотиб олмаслик учун уларни қандай расмийлаштириш; алдамасликлари ва чиқариб юбормасликлари учун ижарага турар-жой олишда қандай йўл тутиш; қонуний меҳнат қилиш учун қандай ишга жойлашиш; ойлик-маошдан қарзларни қандай ундириш; пора бермаслик учун полиция билан қандай муомалада бўлиш; уй ва ишхонани текширишда депортация қилмасликлари учун ўзини қандай тутиш ва бошқалар ўргатилади.
Биз жамоат ташкилотлари ва диаспоралар раҳбарлари учун мигрантларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича, мигрантларга иш берувчилар учун – мигрантларни ишга олиш, чет эллик ишчиларни солиққа тортиш ва текширувлар вақтида уларни ҳимоя қилиш, элчихона ва консулликлар юристлари учун – фуқароларни дипломатик ҳимоя қилиш, журналистлар учун – миграция муаммоларини ёритиш бўйича тренинглар ташкил этишга ҳам тайёрмиз.
Биз қонунларни бузмайдиган ҳар бир мигрантга ёрдам берамиз ва мигрантларга кўмак кўрсатаётган барча билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, – деди ташкилот раҳбари Валентина Чупик нашримизга берган интервьюсида.