“Тошкент” халқаро аэропортининг учиб кетиш терминалида масофавий божхона назорат тизими ишга туширилди, деб хабар беради «Uzbekistan Airports» матбуот хизмати.
Мазкур тизим назорат камералари ва парвоз ҳақидаги олдиндан олинган маълумотларни тахлил қилиш орқали йўловчилар ва уларнинг юкларини масъулларнинг тўғридан тўғри иштирокисиз божхона назоратидан ўтказиш имконини беради.
Терминалда ўрнатилган камералар божхона органларига реал вақт режимида масофадан туриб вазиятни кузатиш ва фақатгина зарур ҳолларда йўловчиларни божхона кўригидан ўтказиш имконини беради. Бу эса ўз навбатида хорижга отланган йўловчиларнинг божхона назоратидан тезроқ ва ҳеч қандай кечикишларсиз ўтиш имкониятини беради. Содда қилиб айтганда, йўловчилар божхона назоратидан ўтганликларини ўзлари пайқамай ҳам қоладилар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Тошкент” аэропортида Fast Track хизмати йўлга қўйилган бўлиб, бунда йўловчилар рейсга рўйхатдан ўтиш, божхона ва паспорт назоратидан навбатсиз ўтишлари мумкин. Хизмат пуллик – 170 минг сўмни ташкил этади. Оилалар учун чегирмалар мавжуд.
Шунингдек, май ойидан бошлаб йўловчилар ўз юкларини онлайн-трансляция ёрдамида кузатиб туришлари мумкин: багаж бўлимидаги видео аэропорт залида ўрнатилган мониторларда намойиш этилади. Янги Wi-Fi тизимининг ишлай бошлаганлиги ҳам йўловчилар учун қулайлик яратди.