Мақола

877 05/04/2023

Аввал хабар қилинганидек, пойтахт аэропортининг илк бор кичик меҳмонхонаси бўлади. Тез орада стерил зонадаги яна бир бўлим фойдаланишга топширилади, у ерда ҳожатхона, таҳорат олиш ва намоз ўқиш хоналари, “Анжир” бизнес-зали ва Ўзбекистон аэропортларида биринчи бор кичик меҳмонхона очилади.

“Бу шунчаки “капсулалар” эмас, балки тўлиқ бир кишилик тўшак ва минимал аксессуарлар тўплами — тунчироқ, кийим илгичи, қўл юки учун жавон, стол қўйилган кичик қулай кабиналар бўлади. Бундай кабиналар, йўловчи кутиш вақтида аэропортдан ва транзит зонадан чиқмасдан бир неча соат давомида унда қолиб дам олиши учун хизмат қилади”, — дейилади компания матбуот хизмати хабарида.

Меҳмонхонага ташриф буюрувчилар учун маълумот таблоси, санитар тармоқ ва душ хонаси тақдим этилади, қабулхона кечаю кундуз ишлайди ва ҳар бир йўловчига самолётга чиқиш вақти келганда алоҳида эслатилади. Меҳмонхона икки қаватли 27 та турар жойли бўлади. Биринчи қаватда қабулхона, ҳожатхона ва душ хонаси бўлади. Меҳмонхона яқинда очилган «Арт-базар савдо павильони каби шарқона услубда қурилади. Лойиҳа устида ишлаш учун таниқли дизайнер Бобур Исмоилов таклиф этилган.

“Пойтахт  аэропорти бизнинг кўз ўнгимизда замонавий халқаро марказга айланмоқда ва мен унинг ўзгаришига ўз ҳиссамни қўшганимдан жуда хурсандман. Бизнинг меҳмонхонамиз дунёнинг кўплаб аэропортларидаги шу каби меҳмонхоналарга қараганда бутунлай бошқача услубда яратилган. Биз хоналарда шарқона кўриниш ва ҳашаматни, шунингдек, Европа минимализми ва ихчамлигини сақлашга ҳаракат қилдик. Афсуски, ҳар бир транзит йўловчи Ўзбекистонда қолиб, қадимий шаҳарлар ва маданиятни кўра олмайди. Шундай экан, мақсадимиз айнан аэропортда ҳақиқий шарқона муҳит яратиш эди”, — дейди Бобур Исмоилов.

Меҳмонхонани соҳа профессионаллари (меҳмонхона/меҳмонхона тармоғи) бошқарувига ўтказиш режалаштирилган. Ҳудудни ижарага олиш учун тегишли лот (№4974858) E-auksion.uz электрон платформасида жойлаштирилган. Меҳмонхонанинг умумий майдони 240 кв.м, бошланғич йиллик қиймати 325 440 000 сўм. Аукционда белгиланган техник топшириқларга жавоб берадиган барча компаниялар иштирок этиши мумкин.

Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар қилди.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация