Мақола

388 17/10/2023

Дунёнинг барча давлатларида аҳолининг, айниқса ёшларнинг пойтахтга, йирик шаҳарларга интилиши табиий ҳолат. Ўзбекистон ҳам истисно эмас, неча йиллардирки Тошкент кўпчиликни оҳанрабодек тортиб келади. Аммо йирик шаҳарда яшаш, ўз ўрнини топиш ва энг муҳими – муваффақиятга эришиш осон эмас.

“Тошкентда яшаш қийин”, деган иборани ҳаммамиз эшитганмиз. Унинг пайдо бўлишига маълум асослар бор: янги келганлар ишга жойлашиш, маҳаллий муҳитга ўрганишда қийналишади. Айниқса, ижарада яшаш, ўз ҳудудидан қиммат нархларга кўникиш оғир кечади. Лекин айнан қийинчиликлар инсонни тоблайди, йирик жараёнлар йирик шаҳарларда содир бўлади ва муваффақиятга эришиш, янги марраларни забт этишни истаган одамлар бу қийинчиликларни енгиб ўтадилар.

Бугун ана шу мавзу бегона бўлмаганлар орасида ўзига хос сўров ўтказмоқдамиз ва иштирокчиларга қуйидаги саволлар билан юзландик:

  1. Тошкентга илк бор келганингизда қандай муаммодан энг кўп қийналгансиз?
  2. Камайиб бораётган бўлса-да, маҳаллийчилик бўлган, минг афсуски, ҳамон бор. Тошкентнинг туб аҳолиси ёки “тошкентликка айланганлар” томонидан қишлоқдан келганингиз “эслатилган” пайтлар бўлганми?
  3. Ўзингиз туғилиб ўсган ҳудудга қайтиб бориб яшашни тасаввур қила оласизми, бу мумкинми?
  4. Сизда энди янги шаҳарларни забт этиш, дейлик, хорижга жўнаш истаги туғилганми?

Камолхўжа Эшназаров, жарроҳ, ортопедия ва травматология соҳаси профессори, Самарқанд вилояти Жомбой туманидан:

  1. Кўпчилик Тошкентга вилоятлардан кўчиб келган бўлса, мен Сеулдан, таклифга асосан келганман. Узоқ йиллар катта мегаполисда яшаганим сабабли менинг муаммоларим ҳам бошқаларникидан бироз фарқ қилса керак. Дастлаб келганимда: А. Соҳам бўйича иш услубларидаги фарқлардан; Б. Прописка ва ҳужжатлардаги бюрократиядан (ҳозир сиёсий ирода туфайли бу муаммолар ечимини топди); В. Маошимнинг олдинги иш жойимга нисбатан камлигидан қийналганман. Бугунги кунга келиб маошим ҳам кўнгилдагидек;
  2. Дунё мегаполисларида яшовчиларнинг аксарияти турли ҳудудларидан келгани учун маҳаллийчилик муаммоси сезилмайди, аксинча, турлича маданият шаклланади. Асл тошкентлик бўлган устозларим, дўстларимнинг самимий муносабати туфайли бу муаммо менга сезилмаган;
  3. Тасаввур қилиш қийин… Борганим билан бугунги даражада ишлашим учун шароит бўлмайди. Балки ҳаёт мажбур қилса, қайтарман ҳам, чунки кўчиб юришларга, қийинчиликларга кўникканман;
  4. Шунча йил чет элларда яшаб, ишлаб келдим. Энди йиғилган билим ва тажрибани ватанимиз тараққиёти ва халқимиз саломатлиги йўлида ишлатиш фурсати етди, деб ҳисоблайман.

* * *

Жаҳонгир Олимов, “Замон” информацион дастури муҳаррири, Фарғона вилояти Қува туманидан:

  1. Пойтахт аҳолисининг баъзан қўпол муомаласидан, ижарада туриш ва уйма-уй кўчишлардан қийналганман;
  2. Йўқ. Шахсан менга нисбатан бундай ҳолат бўлмаган. Лекин бошқа вилоятдан келганларга нисбатан шундай муносабатда бўлишларига гувоҳ бўлганман;
  3. Очиғи, тасаввур қилиш қийин. Шахсан ўзим туғилиб ўсган қишлоғимга қайтиб, кўниб яшашим мумкин. Аммо фарзандлар келажаги ҳақидаги ўйлар сабаб қайтиш қийин, деб ўйлайман;
  4. Ҳа, бир неча маротаба бундай фикр бўлган. Лондон, Токио, Сингапурда яшашни орзу қилганман.

* * *

Улуғбек Ибодинов, журналист, Фарғона вилояти Олтиариқ туманидан:

  1. Пропискадан, шу муаммо ечимини топгани жуда яхши бўлди;
  2. Йўқ, бундай муаммо бўлмаган;
  3. Албатта, аммо касбим бўйича муносиб иш масаласи бироз муаммо бўлади. Шунга қарамай, тадбиркорлик учун яхши шароит бор;
  4. Саёҳат учун, узоғи бир ойга бўлса бўлади, аммо бориб доимий яшай олмайман.

* * *

Отабек Чориев, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи, Қашқадарё вилояти Қамаши туманидан:

  1. Мен Тошкентга нисбатан кеч, 38 ёшимда келганман. Шу боис оилавий мослашув қийинроқ кечган. Энг аламлиси, “вақтинча прописка” деган бало эди. Қолаверса, қиммат ижаралар ҳам эсимда…;
  2. Ҳа, учратганман, лекин бу ҳақда гапиргим келмайди;
  3. Йўқ, асло;
  4. Йўқ, менинг бунга сабрим етмайди.

* * *

Отабек Қўшбоқов, АТБ “Капиталбанк” корпоратив бизнес бошлиғи, Самарқанд вилояти Пайариқ туманидан:

  1. Пойтахтда биринчи навбатда уйсизлик, темир йўл вокзалида ётиш, пропискасизлик, кўчада, айниқса “Метро”да ички ишлар ходимларининг тазйиқларидан эзилганман. Шунингдек, ётоқхонада 6 йил яшаш ва квартира сотиб олганимдан кейин ҳам ўз уйимда участка нозиридан яшириниб ўтиришлардан қийналганман;
  2. Айрим шевадаги сўзларимга тўдалашиб кулишган, ҳозир ҳам ҳазил аралаш кулиб туришади, аммо энди ҳозирги мавқеимдан келиб чиқиб эҳтиётроқ бўлишади;
  3. Очиғи, тасаввур қилиш қийин. Лекин инфратузилма, коммуникация, иш ўрни, мактаблар билим даражаси талабга жавоб берса, бугуноқ бориб яшаган бўлар эдим. Чунки Тошкент йирик шаҳар, ҳамма ўзи билан ўзи. Қишлоқ самимий одамлар, соддадил инсонлар билан тўла;
  4. Ҳа, бир неча маротаба бундай фикр бўлган. Ҳозир ҳам таклифларни ўйлаб кўряпман, Франция ва Америкадан таклифлар бор. Рус, инглиз, немис ва француз тилларида оилавий гаплаша оламиз. Шунинг учун Европада яшаш, ишлаш бизга жуда катта қийинчилик туғдирмайди, деган фикрдаман. Фарзандлар келажаги учун ҳам билим ва тажриба алмашиш ниятимиз бор. Моддий томонини очиғи ўйлаганим йўқ, чунки Ўзбекистонда ҳозирги кунда ишлаб топаётган ойлигим тўлиқ қаноатлантиради, бунинг учун раҳбариятдан миннатдорман.

* * *

Ҳулкар Абдуллаева, мустақил журналист, Самарқанд вилояти Оқдарё туманидан:

  1. Ҳамма Тошкентда иш кўп деб ўйлайди. Аммо мен негадир доим иш топишдан, янги ишларга кўникишдан қийналганман;
  2. Маҳаллийчиликни ўғлимнинг мактабида кўпроқ сезганман. Болалар уни вилоятлик, деб роса ажратишган. Охири раҳбаримга вазиятни тушунтирганман, у киши мактабга телефон қилгач, ўқитувчилар болаларни тартибга олишган;
  3. Инсон тугилган жойини ҳеч қачон инкор этиши мумкин эмас назаримда. Шунинг учун исталган пайтда қайтишим мумкин, ҳозир эса пойтахтда фарзандларим келажаги учун истиқомат қиламиз;
  4. Инсон сайёҳ, янги шаҳарни забт этишни истамаган одам топилмаса керак. Камми, кўпми, яшаш имкони туғилса, албатта хорижда ҳам яшаб кўрган бўлардим.

* * *

Қаҳрамон Сайдалиев, журналист, Қашқадарё вилояти Касби туманидан:

  1. Тошкентга илк келганимда машиналар шовқинидан қийналганман, ҳалигача шу шовқинларга кўниколмадим;
  2. Ўзим тошкентликка айланганлар қаторидаман, десам бўлади, бу муаммо менга бегона;
  3. Албатта, шу кунлар насиб этса, пенсияга чиқишим билан қишлоғимга қайтаман;
  4. Асло!

* * *

Баҳодир Ҳасанов, Таълим инспекцияси ходими, Самарқанд вилояти Жомбой туманидан:

  1. Ёш бола эдим, кўпроқ соғинчдан қийналганман;
  2. Ижарада турган вақтларимда “ҳарип” дейишарди, уларга ачинардим…;
  3. Исталган пайтда, ҳеч муаммосиз қайта оламан;
  4. Ҳалиям бор. Фақат ҳаммаси навбати билан.

* * *

Элбек Боймуродов, журналист, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидан.

  1. Ижара қимматлиги, ой якунланаверса, юрагим зирилларди;
  2. Йўқ, бу менимча, кўпроқ атрофингизда кимлар бўлганига боғлиқ;
  3. Ҳа, мумкин. Фақат журналистика соҳасидан кетишимга тўғри келади;
  4. Ҳа. Бу истак мен билан бирга туғилган, тенгдошмиз.

Кўриб турганингиздек, сўровда иштирок этганларнинг ҳар бирида Тошкентда илдиз отишнинг ўзига хос тарихи бор. Йиллар ўтаверади, йирик шаҳарларга интилиш кучаяверади. Кимдир маълум ютуққа эришса, яна кимлардир мунтазам изланишда давом этади.

Аброр Зоҳидов

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация