Мақола

1 351 22/06/2023

Тожикистон валюта бозорида Россия рублининг курси пасаймоқда. Агар бир ҳафта олдин сиз 1000 рублни 132 сомонийга олган бўлсангиз, бугун сиз шунча миқдордаги Россия пули учун 126 сомоний берасиз.

Тожикистонлик муҳожирлар ва уларнинг оила аъзолари Россия пул бирлигининг қадрсизланиши давом этаётганидан хавотирда.

Душанбе шаҳрида яшовчи Мансуржон Шоназаровнинг икки укаси Россияда ишлаб, уйга ҳар ой пул жўнатиб туришади. Мансуржон рублнинг сомонийга нисбатан бироз арзонлашиши ҳам аҳоли фаровонлигига таъсир қилишини айтади.

“Россия рублининг қадрсизланиши, биринчи навбатда, кам таъминланган оилалар учун зарар. Афсуски, ҳар гал рублнинг қадрсизланиши билан бозорларда маҳсулотлар нархи кўтарила бошлайди, – дейди суҳбатдошимиз.

Тожикистонда Россия валютасининг қадрсизланиши январ ойидан бери давом этмоқда – ўшанда 1000 рублни 148 сомонийга алмаштириш мумкин эди.

Кўп йиллардан буён Тожикистон банк секторида ишлаб келаётган иқтисодчи эксперт Баҳром Шарипов рублнинг қадрсизланиши Ғарб давлатлари Россиянинг иқтисодиёт ва ҳарбий-саноат комплексига нисбатан жорий этган ва жорий қилишда давом этаётган санкциялар, ташқи савдо чекловлари ва рус нефтига нархларнинг пасайиши билан билан боғлиқ, дейди.

“Буларнинг барчаси Россия бюджетига тушумлар сезиларли даражада қисқаришига олиб келди. Украинадаги уруш, армия эҳтиёжлари учун катта маблағлар ажратилиши Россия бюджетига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳозирда ғазнага тушумларни кўпайтириш учун Россия расмийлари рублни жаҳон валюталари – доллар ва еврога нисбатан қадрсизлантиришга мажбур бўлмоқда”, — дейди эксперт.
Тожикистонда ҳам рублнинг сомонийга нисбатан курси ошишини кутишмаяпти. “Бу глобал тенденция ва унга ҳеч ким таъсир қила олмайди – на Тожикистон расмийлари, на Жаҳон банки, на Россия ҳукумати”, – дея қўшимча қилган Баҳром Шарипов.

Тожикистонда рубл курсининг тушиши республика аҳолисини доимо хавотирга солади. Мамлакатда, расмий маълумотларга кўра, оилаларнинг қарийб 75 фоизи Россия Федерациясидан пул ўтказмалари ҳисобига яшайди. Тожикистонликлар рубл курси мустаҳкам бўлишини исташади, чунки Россиядаги меҳнат муҳожирлари айнан шу валютада пул топишади. Агар рубл тушишда давом этса, уларнинг даромадлари пасаяди, бу эса мамлакат аҳолисининг катта қисми фаровонлигига таҳдид солади.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация