Тожикистон ва Жанубий Корея расмийлари мигрантларни Жанубий Кореянинг Санк-Петербургдаги заводларига ишга жойлаштириш хусусида келишиб олишди. Бу ҳақда “Evr Azia Daily” хабар берди.
28 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида тожикистонлик мигрантларни Жанубий Кореянинг Россиядаги заводларига ишга юбориш муҳокама қилинди. Бу ҳақда анжуманда Тожикистон меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири Ширин Омонзода гапирди.
Агентлик хабарига кўра Тожикистон департаменти вакилларининг Корея Республикаси делегацияси билан учрашуви чоғида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлиги хусусида тўхталиб ўтилди. Шунингдек фуқароларни ташкилий тарзда Жанубий Кореянинг саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда мавсумий меҳнатга жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазири Ан Ген Дук Тожикистон Республикасининг сўнгги йиллардаги кенг кўламли ривожланишини юқори баҳолаб, бандлик соҳасида икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш ва уларни янги босқичга кўтаришга тайёр эканлигини таъкидлади.
Томонлар келишилган соҳаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар. Улар ўртасида келишув ҳам имзоланди. Ҳамкорлар мигрантларнинг тил билмаслиги муаммосини ҳам хал қилишиб, тожикистонлик фуқароларни Россия ҳудудидаги корхоналарга ишга юборишга келишиб олишди.
Агентликнинг хабар беришича Тожикистон ва Жанубий Кореянинг ташқи миграция соҳасидаги ҳамкорлиги юзасидан барча расмий ва юридик ҳужжатлар имзоланди.