Мақола

1 528 23/11/2023

Москва яқинидаги Люберцидаги масжидда граната портлатиб юборишига уринган россияликни тўхтатган тожик муҳожири Муродали Қувватов номи шу кунларда оммавий ахборот воситаларининг сарлавҳаларида машҳур бўлиб кетди.

10 ноябр куни жума намози пайтида 45 ёшли Алексей Бинявский мусулмонлар намозхонасига бостириб кирди. У қўлига граната олиб, уни портлатиб юбориш билан таҳдид қилар эди.

У мусулмонларни ёмон кўришини айтиб, масжидда граната портлатаман, деб қўрқитганида, Муродали югуриб келиб, уни тўхтатмоқчи бўлди. Жума намози бузилди ва бу ҳолат намозхонларни жуда хавотирга солди.

Муродалининг сўзларига кўра, Алексей Бинявский ҳаммани портлатиб юбораман деб бақирган, одамлар ўрнидан туриб масжиддан чиқишга шошилишган. Муродали граната ҳалқасини тортиб портлатмоқчи бўлган қонунбузарни ушлашга ҳаракат қилди.

“Мен унинг олдига югурдим. Ўшанда мен учта фарзандим борлиги, оилам ёки ота-онам ҳақида ҳам ўйламаган эканман. Мен намозхонлар – ўзбеклар, қирғизлар ва тожиклар ҳақида, уларнинг фарзандлари отасиз қолиши мумкинлиги ҳақида ўйладим. Масжид ёнида мактаб бор эди, шу болалар ҳақида ўйладим. Шунда мен ўша одамнинг олдига югурдим, қўлидаги гранатани ушлаб олиб, у билан бирга масжиддан чиқдим. Одамлар жабр кўрмаслиги учун ундан гранатани олиб қўймоқчи бўлдим”, – дейди Муродали Қувватов. Шу тариқа у Бинявскийни масжиддан итариб чиқариб юборишга муваффақ бўлган.

Люберцидаги ушбу масжидда жума намозини ўқиш учун 300 га яқин мусулмонлар, асосан Марказий Осиё давлатлари ва Россиянинг мусулмон республикаларидан келган меҳнат муҳожирлари йиғилади.

Муродали Қувватов оиласи билан 2015 йилдан бери Россияда ишлаб келади. Унинг сўзларига кўра, у Тожикистонда хизмат қилган, шунинг учун қўл гранатасини қандай ишлашини билади.

Кейинроқ Россия оммавий ахборот воситалари Алексей Бинявский қўлга олингани ва портловчи мослама ўқув гранатаси бўлганини хабар қилган. Аммо Муродалининг айтишича, полиция воқеа жойига етиб келганида гранатадан қўрқиб, яқинлашмаган. Бундан ташқари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари руҳий касалликдан азият чекаётган Бинявский ўша пайтда маст ҳам бўлганини маълум қилган.

Россияда бир миллионга яқин Тожикистон фуқаролари яшайди ва ишлайди. Ҳар йили Россия ҳукумати Тожикистондан юзлаб муҳожирларни миграция қонунчилигини бузгани учун депортация қилади. Айни пайтда ҳуқуқ фаоллари Россия шаҳарларида тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётгани ҳақида мунтазам хабар бериб келади. Уларга кўра, Россияда рейдлар ва текширувлар, муҳожирларни ноқонуний ҳибсга олиш ва депортация қилиш, шунингдек, полиция ва амалдорлар томонидан уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш одатий ҳолга айланган ва Россияда миллатчилик даражаси ўта юқорилигича қолмоқда.

Эрининг ўчини боласидан олаётган аёллар

Навигация