Maqola

1 480 20/08/2023

Тожикистон аҳолисининг учдан бир қисми Россияда яшайди. Бу 3 миллиондан ортиқ киши деганидир.

РФ Ички ишлар вазирлигининг ўтган йилдаги маълумотларига кўра, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида ушбу Марказий Осиё республикаларининг 2 миллиондан ортиқ фуқароси миграция рўйхатига олинган. Уларга яна 20 фоиз ноқонуний муҳожирларнинг тахминий адади қўшилади. Россия фуқаролигини олган ярим миллион киши ҳам шу ҳисобда. Умумий 3 миллион нафарни ташкил этади.

Бу ҳақда РИА Новости шарҳловчиси Петр Акопов маълум қилган. Аммо унинг фикрича, бу рақам хато, чунки мутахассислар кетганларни ҳисобга олмай, бир хил одамларни бир неча марта санашлари эҳтимолга яқин.

Шунга қарамай, фуқароликни олганларнинг статистик маълумотларини таҳлил қилиш ҳам Тожикистондан келган муҳожирлар сонининг катта ўсишидан далолат беради. Ўтган йили 173 минг нафар, жорий йилнинг дастлабки уч ойида яна 45 минг нафар фуқаро паспорт олган.

– Яъни, тожикистонликлар оммавий равишда Россия фуқаролигига ўтмоқда ва яқин йилларда бу тенденция янада кучаяди. Россияда тожикистонликлар кўплиги аниқ – учдан бир бўлмаса ҳам, лекин паспортимизни олганларни ҳисобласак, бир ярим-икки миллион бўлади, – дейди Акопов.

Унинг иддаосича, Россия бир томондан, муҳожирлар ёрдамида ишчилар етишмаслиги муаммосини ҳал қилса, иккинчи томондан жиноятчилик ва миллатлараро муаммоларни кўпайтираётган экан.

“Салбий ҳодисаларга қарши курашиш учун расмийлар гоҳ муҳожирларни қабул қилиш қоидаларини қатъийлаштирса, гоҳ  енгиллаштиради, гоҳ уларни чиқариб юборишса, гоҳида қайтишга рухсат беришади. Миграция хизматларидаги коррупцияга қарши курашилаётганга ўхшайди, лекин ҳатто рус тилини яхши билмайдиганлар ҳам Россия фуқароси паспортини олишда давом этмоқда”, дейди у.

Таҳлилчининг фикрича, меҳнат миграциясидан бутунлай воз кечишнинг ҳозир иложи йўқ, чунки Россия демографик туйнукка тушиб қолган ва 20 йил ичида ундан чиқа олмайди. Аммо уларнинг ишини шундай ташкил қилиш керакки, маҳаллий аҳоли, биринчи навбатда, рус аҳолиси камситилмаслиги ва бу аҳоли муҳожирлар сонининг кўпайиши туфайли ноқулайликни ҳис қилмаслиги лозим.

– Россиянинг асосий мақсади – рус халқининг ривожланиши. У ўз ерида хўжайин каби ҳис қилиши керак. Ва энг муҳими, ҳеч ким “ҳокимият русларни муҳожирлар билан алмаштирмоқда, улар сизга парво қилмаяпти” деган асосда унинг ғазабини қўзғатмаслиги керак. Россияда тартибсизликлар уюштириш учун миллатлараро муаммолар бир неча бор қўлланилган ва биз келажакда бундай хавф-хатарлар бўлиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаймиз, дейди Акопов.

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya