Бу ҳақда Тожикистон ижтимоий суғурта ва пенсия агентлиги директори Дилмурод Давлатзода маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2021 йил сентябрида икки давлат президентлари ушбу масаланинг ҳуқуқий жиҳатларига доир шартномани имзолаган эди. Маълум қилинишича, Тожикистон агентлиги Ўзбекистон ва Қирғизистон билан ҳам пенсия ва ижтимоий суғурта соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида шартнома имзолаган.
Хўш, мигрант Россия пенсиясини қандай олиши мумкин?
Аввало, шуни тўғри англаб олиш зарурки, меҳнат мигранти Россияда ишлаш учун бериладиган патент пулини тўласа, келажакда у Россия пенсиясини олади, дегани эмас. Мигрантда патентдан ташқари, иш берувчи билан меҳнат шартномаси, меҳнат дафтарчаси ва СНИЛС (шахсий ҳисобнинг индивидуал суғурта рақами) бўлиши керак. Иш берувчи эса ҳар бир ходим учун, хоҳ хорижлик бўлсин, хоҳ Россия фуқароси бўлсин, Россия Пенсия жамғармасига (ПФР) ойлик суғурта бадалларини тўлаши талаб этилади.
Шартномага кўра, Россияда расман ишлаётган ходим пенсия ёшига етгач, нафақани – Россия ёки Тожикистонда олишини ҳам мустақил танлайди. Пенсияга чиққач, Россия ёхуд Тожикистонда эмас, бошқа давлатда яшашга қарор қилган тақдирда, ўзи пенсияга чиққан давлат унга нафақасини ўтказиб туради.
Таъкидланишича, иш берувчи томонидан меҳнат мигранти учун тўланадиган суғурта бадаллари пенсияга асос бўлади. Бадаллар миқдори ходим йиллик иш ҳақи фондининг 22 фоизини ташкил қилади.
Бунинг индивидуал шахсий ҳисобнинг суғурта рақами (СНИЛС) талаб этилади.
Россияга вақтинча кириб келган чет эл фуқаролари ёки меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиган, аммо фуқаролиги бўлмаган шахслар СНИЛСни мажбурий равишда расмийлаштиришлари лозим. Бу рақам иш берувчи томонидан чет эллик ишчилар тўғрисида Россия Пенсия жамғармасига ҳисобот тақдим этиш, суғурта бадалларини тўлаш ва суғурта гувоҳномаларини расмийлаштиришда зарур бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январ ҳолатига кўра, Россиядаги ўртача пенсия миқдори 18 521 рублни ташкил этади.