Maqola

794 30/05/2022

Истанбул полицияси ўтган ҳафтада ўтказган рейдлар чоғида ноқонуний яшаб келган ўнлаб ўзбекистонликни ҳибсга олган. Бу ҳақда Озодлик радиоси хабар қилмоқда.

Ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга жўнатилган наманганлик Дилшод Аҳмедовнинг Озодликка билдиришича, у Истанбулнинг Тузла мавзесидаги муҳожирларни вақтинча ушлаб туриш марказида 50 дан ортиқ ўзбекистонликни кўрган.

“Ўтган ҳафта “Йени Капи” бозорида рухсатноманг йўқ, деб ушлаб, автобусга босиб олиб кетди. Тузладаги қамоқхонага олиб борди. У ерда жуда кўпчилик афғон ва сурияликлар. Элликдан зиёд ўзбек ҳам бор эди. Тузлада икки кун ушлаб мамлакат шарқидаги Малатияга олиб борди. Қўлимизга кишан уриб, 18 соат автобусда олиб кетди. Олтмиш ёшли ўзимизни отахонлар бор эди. Икки ойдан бери ётган ўзбекистонликлар ҳам бор. Ҳаммани бир бўлимга қамаб қўйган. Шароит жуда оғир, чидаб бўлмайдиган холатда. 24 соатлаб оч қолиб кетдик. Ўзбекистон фуқароларига босим қаттиқ бўляпти. Жиноятчидан ҳам баттар муносабатда бўлишди биз билан. Ўзбекистон элчихонасидан илтимос қиламан, у ерда қолиб кетган ватандошларимизга эътибор қаратишни”, – деган Дилшод Аҳмедов.

24 ёшли Аҳмедов тўққиз ой олдин Туркияга келган. Мамлакатда бўлиш муддати ўтиб кетса-да у Ўзбекистонга қайтмаган.

“Истанбулда картон фабрикасида ишлар эдим. Чунки, Ўзбекистонга қайтиб борсам иш йўқ. Амаллаб юрувдик. У ерда ҳамма мен қатори ноқонуний. Кейин билсам полиция у ердагиларни ҳам йиғиштириб олиб кетибди”, – дейди Дилшод Аҳмедов.

Хоразмлик Азамат Матжонов ҳам Истанбулда кўп йиллардан бери ишлайди ва сўнгги пайтларда назорат ҳаддан ташқари кучайганини айтади.

“Кўпчилик бойларнинг уйида хизматчи бўлиб ишлайди. Уч ойгача юриш мумкин Туркияда. Кўпчилик келиб, ишлаб қолиб кетяпти. Полиция шундайларни уйига кириб, қўлга оляпти. Мени уч танишимни ушлаб, депорт қилди”, – дея сўзлаган Азамат.

Озодлик муҳожирлар депортацияси ва уларга қўпол муносабатда бўлинаётганига доир фикрлар юзасидан Истанбул полициясидан изоҳ ололмаган.

Истанбулда яшовчи исми очиқланмаслигини истаган ўзбекистонлик журналистнинг Озодликка айтишича, Ўзбекистоннинг Анкарадаги элчихонаси Малатиядаги ҳибсхонада ушлаб турилаётган ўзбекистонликлар масаласига эътибор қаратган.

“Мен бу масалада Истанбулдаги ўзбек консулхонасига савол билан мурожаат қилганимда, Анкарадаги элчихона бу бўйича шуғулланаётгани, Туркия Миграция хизматига хат билан чиқишгани ва ўзбек фуқаролари тақдирига беэътибор эмасликларини айтишди. Бундан ташқари консулхона расмийлари, агар қайсидир ўзбек ватандоши ҳибсхонага тушиб қолгудек бўлса, уларга телефон қилиб мурожаат этишлари мумкинлигини ҳам айтишди, чунки Туркияда ҳибсхоналарда телефон қилиш имкони бор”, – дейди журналист.

Муҳожир кўп, иқтисодий аҳвол ёмон

Туркияга киришда ўзбекистонлик фуқаролар учун виза талаб этилмайди. Бундай шароитда ўзбек ватандошлари уч ойдан ортиқ Туркияда қолишлари мумкин эмас. Шу билан бирга, Туркия дунёнинг ўзбек меҳнат муҳожирлари кўп бўлган тўртинчи давлатидир. Унда 50 мингдан ортиқ ўзбекистонлик расмий мақомга эгалиги, норасмий юрганлар, ҳужжатсиз ишлаётганлар сони эса, бир неча баробар кўплиги айтилади.

Истанбулдаги ўзбек журналистининг билдиришича, Туркияда ноқонуний муҳожирларни овлаш 2023 йил бўлиши кутилаётган сайловлар олдидан кучайган.

“10 миллионга яқин суриялик қочқин бор. Афғонистон, Покистондан жуда кўп. Ҳозир эса Украина ва Россиядан мигрантлар оқиб келяпти. Ишлагани келган ўзбекистонликлар эса ҳар доим кўп бўлган. Бир томонда иқтисодий инқироз, лира тушиб, нархлар ошиб кетган. Уйлар нархи ошди. Халқ норози.

Сайлов олдидан Эрдўғонга босим кучайган. Шу боис хавфсизлик идоралари рейдлар ўтказяпти. Қисқа вақт ичида 17 мингга яқин одам ушланган. Полиция қаттиқ текширяпти. Ушланганлар муҳожирларни ушлаб турадиган марказларга сиғмаяпти. Бошқа шаҳарлардаги депорт марказларига олиб кетишяпти. Ўзим гувоҳи бўляпман, жуда кўп ўзбекистонлик депорт қилиняпти”, – дейди журналист.

“Миграция тартибга солиниши керак!”

Туркиядаги “Ўзбеклар бирлиги” ташкилоти раҳбари Адем Чевик мамлакатга келган муҳожирларнинг вазияти атрофлича ўрганилмасдан депорт қилиниши инсонийлик тамойилларига зид, дейди.

“Туркияда улар меҳмон, уларни ушлаш ёки бадарға қилиш мамлакатимиз илгари суриб келаётган инсонийлик принципларига тўғри келадими? Орасида ёмон ниятда келганини, ИШИДчилари бўлса ушласин, яхши ниятда келганлари бўлса вазиятини обдон ўргансин, балки мамлакатига қайтиб борса хавф бордир”, – дейди турк фаоли.

Адем Чевик полиция қўпол муносабат қилгани юзасидан муҳожирлар судга арз қилишлари мумкинлигини айтади.

“Агарда қайсидир полициячи куч ишлатган ёки қўпол муносабат қилган бўлса, муҳожирлар судга шикоят қилишлари мумкин. Бизда бунақа холатлар жазосиз қолмайди ва бу ишда кўмакчи бўламиз”, – дейди у.

Истанбулда яшовчи журналистнинг айтишича, Туркияда ноқонуний муҳожирликка қарши рейдларга қарамай, ўзбекистонликларнинг оқими камаймайди. “Меҳнат миграцияси масаласи Тошкент ва Анқара ўртасида қайта кўриб чиқилиши ва тартибга солиниши керак”, – дейди журналист.

“Туркия сериаллардаги Туркия эмас. Таниш-билишларидан бир нималарни эшитиб келиб қолишяпти, ноқонуний қолиб кетишяпти. Фабрикаларда ишлашади, 8-9 соатлаб ишлашади. Тилни билмайди, кейин муаммога юз тутади. Миграция давлатлар миқёсида қайта кўриб чиқилиши керак. Чунки Ўзбекистонда ишсизлик бор экан, Туркияга келиш камаймайди. Дипломатия йўли билан тартибга солиниши керак”, – дейди журналист.

Туркияда чиқадиган “Жумҳурият” нашрининг мамлакат Миграция хизматига таяниб хабар беришича, бугунги кунда Истанбулда 1 миллион 300 мингдан зиёд муҳожир қонуний истиқомат қилмоқда. Уларнинг 542 минги вақтинчалик ҳимоядаги сурияликлар, 763 минг нафари қонуний йўл билан мамлакатга кириб, яшаш рухсатномасини олган доимий муҳожирлардир.

Ўтган йили қарийб 72 минг ноқонуний муҳожир Истанбул вилояти миграция бошқармаси томонидан жавобгарликка тортилган. Булардан 23 072 нафари Истанбулдан депортация қилинган бўлса, 39 525 нафари депортация жараёнлари учун бошқа вилоятлардаги марказларга юборилган.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Rossiya, migrantlar: Ko‘rinishga qarab yoqmaganni qaytarishyapti

Navigatsiya