Туркиянинг йирик шаҳри бўлган Истанбул жамоат транспорти чиптаси ҳисобланувчи Istanbulkard’ни HES кодига улаш талаб этилмайди.
Бу ҳақда “Туркиядаги ўзбеклар” Телеграм канали хабар бермоқда.
HES (“Hayat Eve Siğar” – Ҳаёт уйга сиғади) коди – бу Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Cоvid-19 вирусини юқтирган кишиларнинг ҳаракатини кузатиш учун киритилган шахсий коддир.
Бу код деярли барча давлат идораларида, шифохоналарда, банкларда, почта бўлимларида талаб этилиб келинаётган эди. Бу код махсус мобил илова орқали олиш мумкин эди.
Пандемия даврида Туркияда Istanbulkard’дан фойдаланиш учун янги тартиблар жорий этилди. Битта карта фақат бир шахсга хизмат кўрсатадиган бўлди. Мазкур HES код Istanbulkard’га уланарди. Карта эгасининг Cоvid-19 таҳлили ижобий чиқса, QR-код блокланиб, жамоат жойларида ҳаракатланишда чеклов қўйиларди. Бу дўкон ва метрога киришга ҳам тўсқинлик қилар эди.
4 мартдан эътиборан Туркияда HES кодлар бекор қилинган.